Замонавий сузиш мажмуаси иш бошлади
Сирдарё вилоятида спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар яна бир муҳим лойиҳа билан давом этди. Гулистон шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий сузиш мажмуаси фойдаланишга топширилди.
“Miss Fitness” масъулияти чекланган жамияти томонидан қайта таъмирланиб, замонавий талаблар асосида жиҳозланган мазкур спорт иншооти эндиликда профессионал спортчилар, ёшлар ҳамда кенг аҳоли қатлами учун хизмат қилади.
Сузиш мажмуасининг очилиш маросимида Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси, Миллий Олимпия қўмитасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбарлари, спорт фахрийлари, нуронийлар, ёш спортчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
[gallery-29576]
Тадбирда сўз олган Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов бугун мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ўзининг амалий самарасини бераётганини таъкидлади.
– Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган бундай мажмуалар спорт инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, ёшларимиз учун замонавий шароитлар яратилиб, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига кенг имконият очилмоқда. Сузиш инсон саломатлигини мустаҳкамловчи энг самарали спорт турларидан бири ҳисобланади. Ушбу мажмуа келгусида иқтидорли спортчиларни тарбиялашга ҳам хизмат қилади, – деди Анвар Бўронов.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар туфайли спорт соҳасида ҳам хусусий сектор улуши ортиб бораётганини қайд этдилар. Бу эса аҳолига сифатли спорт хизматларини кўрсатиш, ёшларни соғлом ҳаёт тарзига жалб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида меҳмонлар сузиш мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Замонавий жиҳозлар, қулай машғулот хоналари ва хавфсизлик талабларига мос шароитлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА