Замонавий спорт зали ўқувчилар ихтиёрида
Бухоро шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида ихтисослаштирилган замонавий спорт зали очилди.
Унда Дзюдо федерацияси масъуллари, вилоят халқ таълими, спортни ривожлантириш бошқармалари, Бухоро шаҳридаги умумтаълим мактаблари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ёш иқтидорли спортчиларни кашф этиш, улар учун замонавий спорт иншоотлари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, сўнгги беш йилликда биргина Бухоро вилоятида 21 та спорт иншооти фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга айни пайтда Бухоро шаҳрида “Универсал” спорт мажмуаси, Бокс маҳорат мактаби янгидан қурилмоқда. Вобкент туманида “Кумушкент” спорт мажмуаси, Ғиждувон тумани олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати, Олот тумани марказий ўйингоҳи реконструкция қилинмоқда.
Бухоро шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби ўқувчилари, қолаверса, маҳалла ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши имконини берадиган спорт зали Ўзбекистон Дзю-до федерациясининг 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағи эвазига қурилди. Вилоят марказида айнан дзю-до бўйича спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилганлиги бежиз эмас. Негаки, дзю-до олимпия спорт турлари орасида бокс билан бирга Бухорода энг ривожланган спорт турларидан бири ҳисобланади.
Хусусан, дзю-до спорт тури бўйича Фарҳод Тўраев, Камол Муродов, Ришод Собиров, Рамзиддин Саидов, Шерзод Намозов, Ширин Шарипов, Шариф Халилов, Шуҳрат Бобоев, Мирали Шарипов сингари бухоролик номдор спортчилар жаҳон ва олимпиада, паралимпия мусобақаларида юқори натижаларни қайд этган. Айни пайтда ҳам вилоятда дзю-до тури бўйича 82 нафар тренер қўл остида 2 минг 430 нафар ўғил-қиз мунтазам шуғулланмоқда. Улар орасида миллий терма жамоаси аъзолари Шаҳрам Аҳадов, Баҳром Ботиров, Ғиёсжон Бобоевлар Париж шаҳрида бўладиган Олимпиада ўйинларига йўлланма берадиган мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда.
Очилиш маросимида Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳам иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА