Замонавий соғломлаштириш дастурлари – амалда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги 2-сонли шифохона вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг кўп тармоқли клиникасига айлантирилган.
250 ўринли шифохонада бугунги кунда еттита бўлим мавжуд бўлиб, келгусида кардиожарроҳлик ва жарроҳликнинг бошқа тармоқлари, невропатология, урология каби бўлимлар фаолиятини кенгайтириш режалаштирилган.
[gallery-15061]
- Клиникамиз умид масканига айланган десам адашмайман, чунки минглаб беморлар умид билан шифо излаб бу ерга келишмоқда ва даволаниб оиласи бағрига қайтмоқда, - дейди кардиология бўлими мудири Муҳайё Ҳошимова. - Клиникамизга ҳатто қўшни давлатлар фуқаролари ҳам даволаниш учун келишаётир. Жамоамизда малакали шифокорлар, ҳамширалар ишлайди.
Бу ерга илм вакиллари — профессорлар, академиклар жам бўлишган. Уларнинг ёрдами билан республика миқёсидаги энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилади.
- Мен шу ерга келиб даволаниб тураман, - дейди бемор Маҳбуба Абдурахмонова. - Клиникада кўплаб тажрибали, ширинсухан шифокорлар меҳнат қилади. Уларнинг хизматидан розиман, барака топишсин.
Яқинда мазкур шифохонада 30 ўринли педиатрия бўлими ҳам ташкил этилди. Болалар шифокори Ҳасанбой Муллажоновнинг таъкидлашича, бугунги кунда болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, болалар ўртасида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштириш дастурлари амалиётга жорий этилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА