Замонавий рақамли соғлиқни сақлаш маркази иш бошлади
Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини рақамли бошқариш, тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш ва мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш имконини берувчи замонавий рақамли соғлиқни сақлаш маркази иш бошлади.Лойиҳа доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси биноси реконструкция қилиниб, замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланди. Бунинг учун жами 7,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров, фахрий тиббиёт ходимлари, соҳа вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбир давомида марказнинг техник имкониятлари, асосий фаолият йўналишлари ва соғлиқни сақлаш тизимида рақамли бошқарувни йўлга қўйишдаги аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, мазкур марказ давлатимиз раҳбарининг тиббиёт тизимини рақамлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ва соҳа бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлари доирасида ташкил этилди. Унинг фаолияти DMED ягона электрон ахборот тизимига асосланган. Ушбу платформа орқали вилоятдаги тиббиёт муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш, тиббий хизматлар кўрсатилиши ва беморлар ҳаракатини кузатиш, мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш имконияти яратилган.
Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда Сирдарё вилоятида 946 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 881 минг нафари DMED ахборот тизимида рўйхатга олинган ва электрон тиббий карталари шакллантирилган. Тизимда давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари, уларда фаолият юритаётган ходимлар, аҳолининг мурожаат ва қатновлари, дорихоналар, беморларнинг саломатлик ҳолати ҳамда ногиронлик гуруҳлари тўғрисидаги маълумотлар жамланган.
Шунингдек, аҳоли саломатлик гуруҳлари бўйича таснифланиб, соғлом фуқаролар ва турли хавф гуруҳларига кирувчи шахслар ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда юритилмоқда. Айрим касалликлар бўйича диспансер назоратида турган беморларни ҳисобга олиш ҳам йўлга қўйилган.
Марказнинг яна бир муҳим имконияти — тиббий қабуллар жараёнини назорат қилиш ва таҳлил этишдир. Жумладан, 5 октябрдан 4 ноябрга қадар вилоят тиббиёт муассасаларида 355 минг 513 та тиббий қабул амалга оширилган. Уларнинг барчаси бўйича маълумотлар электрон тизимга киритилган. Қабулларни жинслар кесимида таҳлил қилиш, шунингдек, амалга оширилган, қайта ишланиши кутилаётган ва бекор қилинган қабуллар ҳолатини кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, диспансер назоратидаги беморларга 7 та касаллик йўналиши бўйича 28 турдаги дори воситаларини бепул тақдим этиш белгиланган. Ушбу харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилади.
[gallery-32374]
Марказ фаолияти билан танишган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров рақамлаштириш жараёнида тизимнинг нафақат техник имкониятларини, балки унинг амалдаги самарадорлигини ҳам баҳолаш зарурлигини таъкидлади.
— Давлатимиз раҳбари тиббиёт тизимини оддий қишлоқ врачлик пунктидан тортиб вилоят даражасигача рақамлаштириш учун барча имкониятларни яратиб берди. Энди асосий вазифа — бу имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш. Мен учун энг муҳим савол: беморга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида қаерда узилиш бор? — деди вилоят раҳбари.
Дониёр Қодиров, айниқса, тез тиббий ёрдам хизмати билан стационар муассасалар ўртасидаги ахборот алмашинувига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, тез тиббий ёрдам бригадаси беморни шифохонага олиб келаётган вақтда унинг аҳволи, дастлабки ташхиси ва зарур тиббий ёрдам тури ҳақидаги маълумотлар қабул қилувчи муассасага олдиндан етказилиши лозим. Бу эса шифокорларга беморни кутиб олишга тайёргарлик кўриш, зарур мутахассислар ва тиббий жиҳозларни олдиндан шайлаш имконини беради.
Марказда тез тиббий ёрдам хизмати ва стационар тиббиёт муассасалари фаолиятини ягона рақамли маконда мувофиқлаштириш имконияти ҳам яратилган. Хусусан, вилоятдаги 74 та тез тиббий ёрдам бригадасининг барчаси DMED ахборот тизимига уланган. Шунингдек, 11 та шаҳар ва туман стационар шифохонаси тизимга интеграция қилинган. Тиббиёт муассасаларидаги видеокузатув тизимлари ҳам марказга жамланган бўлиб, улар орқали муассасалар фаолиятини ягона жойдан кузатиб бориш мумкин.
Тақдимот давомида тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига берилган планшетлар орқали бемор ҳақидаги маълумотларни қабул қилувчи шифохонага олдиндан узатиш имконияти намойиш этилди. Вилоят раҳбари эса бу жараённинг амалда қай даражада самарали ишлаётганини ўрганиш, мавжуд техник ва ташкилий камчиликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
— Рақамлаштириш учун катта маблағ ва имкониятлар йўналтирилмоқда, замонавий шароитлар яратиляпти. Энди энг муҳими, бу тизим қоғозда ёки мониторда эмас, амалда ҳам тўлиқ ишлаши керак. Ҳар бир беморга ўз вақтида, сифатли ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт. Бу борада масъулиятни янада оширишимиз зарур, — деди Дониёр Қодиров. Шунингдек, тез тиббий ёрдам ходимларини боди-камералар билан таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу хизмат жараёнидаги ҳолатларни қайд этиш, тиббиёт ходимлари ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, турли тушунмовчилик ҳамда эҳтимолий низоларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.
Рақамли тизимдан самарали фойдаланишда тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмалари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис тадбирда вилоят шифокорлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, уларнинг DMED тизими билан ишлаш бўйича малакасини ошириш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди.
Умуман олганда, рақамли соғлиқни сақлаш маркази тиббий хизматлар кўрсатилиши устидан доимий мониторинг ўрнатиш, тез тиббий ёрдамдан тортиб стационар муассасаларгача бўлган жараёнларни мувофиқлаштириш ва беморларга зарур ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш учун муҳим имконият яратади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат ва видео), ЎзА