Замонавий қурилиш маҳсулотлари
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан ОАВ вакиллари учун “YTONG” бренди остида автоклав газобетон блоклари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «AKFA BUILDING MATERIALS» МЧЖ га пресс-тур ташкил этилди.
Унда корхона фаолияти ва ишлаб чиқариш қуввати ҳақида қисқача маълумот берилди. Таъкидланишича, Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «AKFA BUILDING MATERIALS» МЧЖ автклав газобетон ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Бу ерда йилига 500 минг метр куб газобетон ишлаб чиқарилади. Германия технологиялари асосида ишлайдиган корхонада ишлаб чиқариш тўлиқ автоматлаштирилган. Бу ерда 150 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Эътиборлиси, корхонада тайёрланган маҳслуотларга нафақат маҳаллий бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам талаб юқори. Ҳозирда Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаси тадбиркорлари билан шартномалар имзоланган.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари учун автоклав газобетон блокларининг хусусиятлари, турлари ва унинг ишлатилиши ҳақида кўргазма ташкил этилди. Мутахассислар синов жараёнларини амалий намойиш этишди.

– Илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни кенг жорий қилганимиз туфайли жаҳон стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришга эришмоқдамиз, – дейди корхона директори Аюбхон Нуритдинов. – Хом ашёни илм-фан ютуқлари асосида чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиб, маҳсулотлар таннархини пасайтириш ва қўшилган қиймат хосил қилиш бўйича соҳа олимлари билан ҳамкорликда ишлаш йўлга қўйилмоқда.
Қайд этиш жоизки, газобетон – ғовак бетоннинг бир тури бўлиб, замонавий қурилиш материали ҳисобланади. Уни баъзан “сунъий тош” деб ҳам аташади. Оддий бетондан фарқи – таркибида 1-3 миллиметрли пуфаклар мавжуд бўлиб, улар туфайли бетон енгил, етарли даражада мустаҳкам, иссиқ ва совуқдан яхши ҳимоялаш хусусиятларига эга бўлади. Шунингдек, уни ишлаб чиқариш учун 8 маротаба камроқ табиий газ талаб қилинади. 1 метр куб метр ғишт 1800-2000 кг оғирликка эга бўлса, шу ҳажмдаги газобетоннинг оғирлиги атиги 500-700 кг ни ташкил этади.
Пресс-тур давомида журналистлар ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.
Н.Усмонова, ЎзА.