Замонавий медиа таҳдидлари халқаро конференцияда муҳокама қилинди
Рақамли ахборот макони кенгайиб бораётган бугунги кунда ҳаққоний маълумотни сохта хабарлардан ажратиш, журналистлар хавфсизлигини таъминлаш ва ОАВга нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш энг долзарб вазифалардан биридир. Бу борада халқаро тажриба алмашиш ҳамда медиа соҳасида ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) шафелигида 26-Марказий Осиё медиаконференцияси бўлиб ўтди. “Умумий воқеликни яратиш: рақамли асрда ахборотнинг ҳаққонийлиги, медиаэтика ва ишонч” мавзусига бағишланган халқаро анжуманда рақамли макондаги долзарб муаммолар муҳокама қилинди. Хусусан, сунъий интеллект, дипфейк технологиялари ва кибербуллинг билан боғлиқ таҳдидлар, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, сохта ахборот тарқалишининг олдини олиш ҳамда оммавий ахборот воситаларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари, медиа ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, академик доиралар ҳамда халқаро экспертлардан иборат 120 нафардан зиёд вакил иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси таркибида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бўлим бошлиғи Нигора Хожаева ҳам қатнашди.
Анжуман доирасида ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 2018 йил 7 декабрда қабул қилинган “Журналистлар хавфсизлиги тўғрисида”ги қарори расмий матнининг илк бор ўзбек ва минтақадаги бошқа тиллардаги таржимаси эълон қилинди.
Мазкур ҳужжат журналистларнинг эркин ва хавфсиз касбий фаолият юритиши, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда бу борадаги давлатлар мажбуриятларини таъкидлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда ахборот тарқатиш тезлиги билан бир қаторда, унинг ҳаққонийлиги, манбаларнинг ишончлилиги ва материалларни масъулият билан улашиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта тасвирлар ва видеолар (дипфейклар), ёлғон хабарлар ҳамда интернетдаги тазйиқлар (кибербуллинг) ахборот истеъмолчиларининг медиа саводхонлигини ошириш ва журналистларнинг касбий масъулиятини кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу жиҳатдан, 26-Марказий Осиё медиаконференцияси минтақа давлатлари ўртасида тажриба алмашиш, замонавий ахборот таҳдидларига биргаликда қарши курашиш ва медиа соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА