Замонавий маркетинг – ютуқлар омили
Термизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Корпоратив бошқарув ва замонавий маркетинг” мавзуида ўқув-семинар ўтказилди.
Термизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Корпоратив бошқарув ва замонавий маркетинг” мавзуида ўқув-семинар ўтказилди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, вилоят фермерлар кенгаши, “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Бойқулов ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ишбилармонлик муҳити сифат жиҳатидан яхшиланиб, соҳага янги имтиёзлар берилаётгани самарасида иқтисодиётимиз барқарор ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик салоҳияти юксалмоқда. Айни пайтда вилоятда 12 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улар томонидан рақобатбардош, арзон тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, сифатли сервис хизмати кўрсатилаётир.
Ўқув-семинар иштирокчилари корпоратив бошқарувнинг мазмун-моҳияти, бозор имкониятини таҳлил қилиш, маркетинг комплексини ишлаб чиқиш, мақсадли бозорни танлаб олиш, маркетинг ишларини ҳаётга татбиқ этиш хусусида атрофлича маълумотга эга бўлди.
– Мамлакатимизда хусусий секторни жадал ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболлари белгилаб олингани тадбиркорлар ҳуқуқи ва уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга эътиборни янада кучайтирди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси қошидаги “Surxon ta’lim va biznes” ўқув маркази раҳбари С.Қурбонов. – Бу ишбилармонлар доирасининг ҳуқуқий ва иқтисодий билимини ошириб, уларнинг замонавий бошқарув тизимлари, маркетинг стратегиялари ва илғор инновацион технологияларни жорий этишига кўмаклашишни тақозо этмоқда. Шу боис тадбирларда хусусий сектор вакилларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга алоҳида аҳамият бермоқдамиз.