Замонавий мактаблар ўқувчиларга чинакам туҳфа бўлди
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбиянинг асосий ўчоғи саналган мактабларни бугунги кун талабида жиҳозлаш, ўқувчиларни билим олишлари учун етарли шарт-шароитларни ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятида сўнгги йилларда янги мактаблар қуриш, мавжудларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда зарур ўқув жиҳозлари билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг ўттиз икки йиллиги байрами шарафига вилоятда замонавий қиёфага кирган бир қатор илм масканлари фойдаланишга топширилди.


Жумладан, Наманган шаҳридаги Учқун маҳалласида жойлашган 30-сонли умумтаълим мактаби учун янги қурилган қўшимча бино ва капитал таъмирланган бинолар ўқувчиларга муносиб туҳфа бўлди.

Мактабда инвестиция дастури доирасида бажарилган 7 миллиард 286 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида асосий бинолар капитал таъмирланди ва қўшимча 420 ўринли янги ўқув биноси қад ростлади. Янги қурилган бино туфайли 950 нафар ўқувчини бир вақтнинг ўзида сифатли таълим билан қамраб олиш имконияти яратилди.

Норин тумани Чангитма маҳалласидаги 41-сонли мактаб биноси жиҳозлари эскиргани, ўқувчилар сони кўпайгани сабабли ўринлар етишмаслиги бир қатор муаммолар юзага келганди. Ниҳоят, бу муаммога ечим топилди. Бош қомусимизнинг ўттиз икки йиллиги арафасида 8 миллиард 440 миллион сўм маблағ ҳисобидан 300 ўринли янги, замонавий мактаб қуриб битказилди.

Наманган туманидаги 9-сонли умумтаълим мактаби янги ўқув биносига эга бўлгани Урганжи маҳалласида яшовчи ота-оналар, айниқса, ўқувчиларга хурсандчилик улашди. Боиси, мактабда синф хоналари етишмаслиги оқибатида дарс жараёнлари икки сменада ташкил этилар, бу эса, табиийки ўқувчилар, уларнинг устозлари учун ҳам кўплаб ноқулайликлар туғдирар эди.
“Авария” ҳолатига келиб қолган 90 ўринли ўқув биноси бузилиб, унинг ўрнида 210 ўринли янги бино қурилди ҳамда мавжуд 210 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирланди ва жиҳозланди.

Ушбу бунёдкорлик ишларига 3 миллиард 773 миллион сўм сарфланиб, ўқувчиларнинг замон талаблари асосида билим олишларини таъминловчи шарт-шароитлар муҳайё этилди. Тантанали маросимдан сўнг “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мактаб ҳовлисига кўчатлар экилди.

Асосий қонунимизнинг ўттиз икки йиллиги байрами муносабати билан Чуст туманида очилаётган бир қатор янги объектлар қаторида Садача маҳалласида жойлашган 66-сонли умумтаълим мактаби ҳам фойдаланишга топширилди. Мазкур ўқув даргоҳи инвестиция дастури асосида 5 миллиард 873 миллион сўм эвазига янги замонавий қиёфага келтирилди.
Бундай бунёдкорлик саъй-ҳаракатлари баркамол авлод учун сифатли таълим имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим қадам бўлиб, ўғил-қизларни чуқур билим олиши, эртамиз эгаларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА