Замонавий мактаб биноси фойдаланишга топширилди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида таълим тизимини ривожлантириш, ёш авлодни сифатли таълим ва муносиб тарбия билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Кейинги йилларда туманда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун замонавий шароитлар яратиш ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.

Ана шундай эзгу ишлардан бири сифатида туманнинг Деҳқонобод маҳалласида жойлашган 21-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий талаблар асосида янгидан таъмирланган таълим муассасаси нафақат ўқувчилар, балки педагоглар ва ота-оналар учун ҳам қувончли воқеага айланди.

Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2025 йил 6 мартда қабул қилинган “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори асосида амалга оширилди. Унга мувофиқ мактаб биносини реконструксия қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун жами 9 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Қисқа муддатда амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида мактаб мутлақо янги қиёфа касб этди. Ўқув хоналари замонавий мебеллар ва техник воситалар билан жиҳозланди, фан кабинетлари янгиланди, ўқувчиларнинг чуқур билим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, мактаб ҳудуди ободонлаштирилиб, таълим муассасасининг ташқи ва ички инфратузилмаси тўлиқ такомиллаштирилди.

Тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Абдураҳим Умаров, нуронийлар, таълим соҳаси ходимлари, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этишди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, айниқса, умумий ўрта таълим муассасаларини замонавийлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар келажак авлоднинг билимли ва рақобатбардош бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.

Туман ҳокими ўз сўзида устоз ва мураббийларни янги ўқув маскани билан табриклаб, бу каби замонавий мактаблар ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва юксак натижаларга эришишида муҳим омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда таълим соҳасига йўналтирилаётган инвеститсиялар мамлакат келажагига қаратилган энг муҳим сармоя сифатида баҳоланмоқда. Зеро, замонавий мактаблар, яратилган кенг имконият ва шарт-шароитлар ёш авлоднинг билимли, интеллектуал салоҳиятли ва рақобатбардош кадрлар бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда. Бу каби эзгу ишлар ўзининг амалий самарасини бераётгани тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири