Замонавий “IT шаҳарча” си фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш, ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг интеллектуал ва инновацион салоҳиятини юксалтириш мақсадида Фарғона вилоятида ахборот технологиялари соҳасида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ёзёвон туманида маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда ташаббускор тадбиркор томонидан 50 ўринли, умумий лойиҳа қиймати 600 млн сўм бўлган замонавий “IT шаҳарча” си фойдаланишга топширилди. Бу ерда 5 та янги иш ўринлари ҳам яратилади.
Замонавий иншооат очилишида туман ҳокимлиги мутасаддилари, зиёлилар, нуронийлар вакиллари иштирок этишди.
— IТ шаҳарчасининг ,,Келажак" маркази билан ёнма-ён барпо этилишида ўзига хос мақсад ва маъно бор, — деди туман ҳокими Дилшоджон Жалилов. — Шаҳарча янги ғоялар инкубатори сифатида ёшлар билан гавжум бўлиши керак. Токи четга ўз дастурларини экспорт қиладиган ёшларни тарбиялайлик.

Вилоят ҳокимининг рақамли технологиялар бўйича маслаҳатчиси Баҳромжон Жалилов шаҳарчанинг ўзига хос дизайнда қурилганига эътибор қаратиб, бу давр талаби эканлигини таъкидлади.
—Туман ҳокими айтганидек, шаҳарча 24/7 ёшлар билан гавжум бўлиши керак,—деди вилоят ҳокими маслаҳатчиси. —Биз ҳамкорликка тайёрмиз. Соҳа усталарини олиб келиб, маҳорат дарслари ташкил қиламиз.

Ташкилот раҳбари Абдувоҳид Абуқодиров марказ фаолияти борасида атрлфлича маълумот берди. — Икки-уч ойда қатновчилар сони 200, йил охирига 500 нафарга етказилади. Шиоримиз иш қидирадиган эмас, иш ўрни яратадиган ёшларни тарбиялаб етиштириш, — деди у.

Мазкур “IT шаҳарча” да ёшлар дастурлаш, компьютер саводхонлиги, веб-дизайн, график дизайн, робототехника, сунъий интеллект технологиялари, рақамли инновациялар ҳамда бошқа замонавий ва истиқболли IT йўналишларида ўқитилади. Бу билан т ёшларимиз учун замонавий ва юқори даромад келтирувчи касбларни эгаллаш имконияти яратилади. Натижада ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ишсизликни қисқартириш ва ижтимоий фаолликни ошириш мумкин бўлади.
Азимжон Худойқулов,
Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг раҳбари
ЎзА