Замонавий ҳисоблагичлар қулай ва самарали
Бухоро вилояти Бухоро туманида 19 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчилари истиқомат қилади.
Туманда бугунги кунга қадар 14 минг 929 нафар қарздорга 5,634 миллиард сўмлик огоҳлантириш хатлари тақдим этилган. Улардан 682 нафари қарздорликни вақтида амалга оширмагани учун табиий газ тармоғидан узиб қўйилган.
Айнан шу каби ҳолатларга чек қўйиш, муаммоларни бартараф этиб бориш мақсадида “Hududgaztaʼminot” АЖнинг тегишли буйруғига асосан туман “Қизил ҳудуд”га киритилди ҳамда ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Тумандаги 3 мингга яқин истеъмолчига ҳисоблагичлар ўрнатилди.

– Бизнинг хонадонда ҳам янги ҳисоблагич ўрнатиб кетишди, – дейди “Работак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Гулчеҳра Тожиева.
– Тўғри, олдин қарздорлигимиз бор эди. Ҳисоблагични ўрнатиб кетгунига қадар тўловни амалга оширдик. Уни ўрнатиш жараёнида ходимлар томонидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Айниқса, қарздорлик сабаб ўчиб қолган маҳал газ ҳисоблагични хавфсизлик қоидаларига риоя этган ҳолда ёқиш лозимлиги алоҳида тушунтирилди. Биз – истеъмолчилар доим, ҳар қандай вазиятда эҳтиёткорлик чораларига риоя этишимиз шарт. Агар телефон рақамимизга келган қарздорлик ҳақидаги хабарномани шунчаки ўқиб эмас, балки диққат билан ўқиб, қарздорлигимизни вақтида тўласак, албатта, муаммолар юзага келмайди. Табиий газдан эса бир маромда фойдаланамиз. Ҳисоблагичнинг афзалликлари жуда кўп экан. Ортиқча оворагарчиликлар йўқ, кутишлар, навбатда туришлар. Хабар келади, дарров уйдан чиқмаган ҳолда турли электрон мобил иловалари орқали тўловни амалга оширамиз. Бу тизим бизнинг тўлов билан боғлиқ маданиятимизни оширди.
Ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида муаммоларнинг олдини олишда мавжуд имкониятлари тўғрисида тушунтириш-тарғибот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА