Президентимиз Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида сиёсий ғояларни, улкан ташаббусларни илгари сурди
Бугунги дунёда энг улуғ, энг муҳим, энг азиз сўз, туйғу бу — тинчлик бўлса керак.
Уруш дунёнинг қаерида бўлишидан қатъи назар бутун инсониятга хавф солади, хавотир уйғотади, мамлакатларнинг барқарор иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади.
Урушларга бефарқ қараб бўлмайди. У худди ўрмон ёнғинларидек тез тарқаб кетиши, ҳеч гап эмас. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга нисбатан айтган мана бу сўзларига эътиборингизни қаратмоқчиман: “Сизнинг қатъий сиёсий иродангиз туфайли Арманистон билан имзоланган Тинчлик декларацияси Туркий давлатларнинг ҳам умумий ғалабасидир…”.
Туркий давлатларнинг умумий ғалабаси... Менинг назаримда саммитда янграган бу хитоб, эътироф замирида улкан маъно мужассамлашган. Бу ғояда тарих бор, келажак бор, бугун бор. Бу ғоя туркий халқларни қисматдош эканлигини ифодалайди. Бирлашиш заруратини акс эттиради.
Президентимиз нутқида илгари сурилган “Адолатли дунё тартиботини шакллантириш” ғояси ҳам жуда муҳим. Агар адолатли дунё тартиботига амал қилинганида эди, урушлар аллақачон тугаган бўларди. Бу борада жаҳоннинг қудратли давлатлари мазкур тамойилга амал қилишлари жуда муҳим.
Жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар алоҳида олинган бир мамлакат стратегик шерикларсиз на тараққий этишини, на тинчлигини сақлай олишини кўрсатмоқда.
Президентимиз нутқида тўғри таъкидланганидек, Туркий давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик, абадий тинчлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тезроқ имзолаш зарур.
Дунёда юз бераётган зиддиятлар бизни бугун ана шундай қатъиятли қарорлар қабул қилишга чорламоқда.
Туркий давлатлар ташкилоти қисқа вақт ичида ривожланиб, аллақачон нуфузли халқаро тузилмалар қаторидан жой олди. Энди навбат, ўз-ўзидан геосиёсий ўзгаришлар юз бераётган ва хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган бугунги вазиятда стратегик шериклик масаласига алоҳида эътибор қаратишга етди. Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятида Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббуслар халқаро ҳамжамият ва экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Президентимиз ташқи сиёсатда амалий ишларга ўтиш, имкониятларни тўлиқ ишга солиш, биргаликда тараққий этиш, биргаликда тинчликни сақлаш, ҳамфикрлик ва ҳамжиҳатлик муҳимлигини доимо таъкидлайди.
Бугун дунёда юз бераётган таҳликалар яна бир бор инсониятни илм-фанга қайтиши зарурлигини кўрсатмоқда.
Қудратли илм-фансиз на тараққий этиб, на тинчликни сақлаб қолиб бўлади.
Президентимиз саммитдаги нутқида “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш муҳимлигини таъкидлади.
Бугун Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Илм-фандаги алоқаларни бугунги ҳолатда қолдириб бўлмайди. Биз аллақачон амалий ишларга ўтишимиз керак эди. Президентимиз нутқидаги қуйидаги фикр бу борада муҳим қадам ташланганини кўрсатади:
“Ўзбекистон 2025–2026 йилларда 100 дан зиёд университетларни ўз ичига олган Туркий университетлар иттифоқига раислик қилади. Келгуси ҳафта Иттифоқ Бош Ассамблеяси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.”
Бу борада бизнинг зиммамизга ҳам улкан масъулият юкланмоқда. Менинг фикримча, қанчалик жипслашсак, шунчалик қудратли бўламиз. Кимгадир таҳдид солиш учун эмас, балки бир-биримизни ҳимоя қилиш учун имконият яратилади.
Президентимиз саммитдаги нутқида таъкидлаганидек, бизнинг илдизларимиз бир, тарихимиз бир, кечмишимиз бир. Бу ҳақиқатни ёшлар онг-шуурига сингдириш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
2026 йилда Туркий дунёдаги буюк шоир ва мутафаккирлар — Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ва улуғ озарбайжон шоири Низомий Ганжавийнинг 885 йиллиги кенг нишонланади.
Президентимиз нутқида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди — Туркий дунё маънавий ҳаёти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказишни таклиф этди.
Янги Ўзбекистон дунё миқёсида ўз ўрни ва сўзига эга бўлаётгани ҳар биримизга фахр ва ифтихор бағишлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра олиш сиёсати Ватанимизнинг обрў-эътиборини тобора юксалтирмоқда, юртимиз тинчлигини мустаҳкамламоқда...
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.