English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд тизими — халқчил давлат пойдевори

Муносабат

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган тарихий Мурожаатномасини тинглаш мобайнида мустақилликдан кейинги босиб ўтилган йиллар, мураккаб даврлар кўз олдимдан ўтди ва беихтиёр бугунги кунларга етиб келганимизга шукур келтирдим. 

Барча қатори мен ҳам шу мамлакатда яшаётган оддий фуқаро сифатида юртимизда демократик ислоҳотлар изчил суръатларда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдаман. Айниқса, Юртбошимиз Мурожаатномасидаги олтинчи устувор йўналиш - “Замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш” юзасидан фикрлар билдирилганда, бу Ўзбекистоннинг бугунги ва келгусидаги демократик янгиланиш йўлидаги қатъий қадам бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Мурожаатномада аҳоли муаммоларини ҳал этиш, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи тизим яратиш, парламентга бугунгидан - да кўпроқ ваколатлар бериш, ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимларини бир-биридан ажратиш бўйича қайд этилган фикрлар халқимизни янада руҳлантириб юборди. 

Зеро: биринчидан, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланиши, барча давлат идораларининг мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими ҳамда 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилиниши маҳалладан тортиб республика даражасида ҳал бўладиган ҳар бир масаланинг ижрочиси, муддати, ресурси бир жойда кўриниб туриши учун замин яратади ва бу аҳоли мурожаатлари ижроси доимий назоратда бўлишини таъминлайди.

Иккинчидан, давлат хизматлари кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи тизим яратилиши халққа, хусусан, янги уй қурган фуқарога катта кўмак бўлади. Яъни, фуқаро кадастр ҳужжатини олиш учун мурожаат қилса, янги платформа сув, электр ва газга уланиш масаласини ҳам шу заҳоти ҳал қилиб беради. Бундай хизматлар эса 2026 йилда 100 тага етказилади.

Учинчидан, конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимларини бир-биридан ажратиш сиёсати 2026 йил 1 январдан мавжуд 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади. Бу эса халқ вакиллари бўлган депутатлар ва маҳаллий кенгашларга бўлган ишонч янада ортишига, энг муҳими эса маҳаллий ҳал этилиши лозим бўлган халқ муаммолари ечими юзасидан депутатларнинг ролини оширишга хизмат қилади. Ушбу жиддий сиёсий ислоҳот ҳокимлар ва ижро идораларидан Кенгашларга муносабатни мутлақо ўзгартиришни ҳам талаб қилади. Айниқса, эндиликда депутат сўровларига бефарқлик билан қараган, сусткашликка йўл қўйган мансабдорлар устидан прокуратурага тақдимнома киритилади.

Тўртинчидан, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилиши ва Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилиши тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатилишига замин яратади. Бу эса давлатнинг ҳар бир сўм маблағи ва ресурси бўйича шахсий жавобгарликни кучайтиради.

Бешинчидан, одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш жараёни давоми сифатида терговни ҳам рақамлаштиришга ўтилади ва бу инсон ҳуқуқлари ҳимояси янада кучайишида муҳим омил бўлади. Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади. Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва ролини ошириш борасида ҳам босқичма - босқич ислоҳотлар амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада белгиланган ушбу вазифалар мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, халқ фаровонлиги ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузи ошишига хизмат қилади.

А.Орипов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.