Замонавий билим олишга хизмат қилади
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Темирчи маҳалласидаги 24- умумтаълим мактаби янгича кўринишда ўқувчиларга ўз эшикларини очди. Икки юз қирқ ўринли мазкур мактаб замонавий таълим даргоҳига айланди.
“Шофиркон Моҳитобон” МЧЖ томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишларига давлатнинг инвестиция дастури доирасида икки миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
– Бугунги кунда таълим тизимига бўлган эътибор янада ортиб бормоқда, – дейди мактаб директори Олим Камолов. – Хусусан, ўқувчилар учун янада қулай ва самарали шароитлар яратиш долзарб вазифалардан биридир. Темирчи маҳалласидаги 24-умумтаълим мактабининг реконструкция қилиниши ҳам шу мақсад йўлида амалга оширилди. Мактабнинг янги биноси энг сўнгги технологиялар ва қулайликлар билан жиҳозланди. Бу келажак авлоднинг янада сифатли таълим олишига хизмат қилади.
[gallery-19164]
Янги синфхоналар, кенг ва ёруғ ўқув хоналари, спорт заллари ва лабораториялар ўқувчиларга нафақат назарий билим олишда, балки амалий машғулотлар ўтказишда ҳам катта ёрдам беради. Замонавий техник воситалар, компьютер синфлари ва рақамли таълим платформалари орқали ўқув жараёни илғор услублар асосида ташкил этилади.
Умумтаълим мактабининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган очилиш маросими маҳаллий аҳоли учун ҳақиқий байрам тусини олди. Тадбирда туман ҳокими Алишер Файзиллоев, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларнинг ота-оналари қатнашди.
Сўзга чиққанлар янги мактабнинг очилиши ҳудудда таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларга замонавий билим олиш имкониятига хизмат қилишини таъкидлашди.
Йиғилганлар муассасада ўқувчилар учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.