Замонавий автобуслар кўчаларимиз кўрки
Тошкент вилоят ҳокими ташаббуси билан ҳудудда транспорт соҳасидаги хизматларни яхшилаш бўйича топшириқ берилган эди. Унга кўра, Транспорт бошқармаси аҳоли вакилларининг фикрини ўрганган ҳолда, барча шаҳар ва туманлардан вилоятнинг маъмурий маркази Нурафшон шаҳри ва пойтахтга янги қатнов линияларини ишга туширилиши кўзда тутилган.
Бу янги ташкил этилаётган жамоат транспорт йўнилишларининг марказида Нурафшон шаҳри туриши режалаштирилган. Мазкур саъй-ҳаракатлар асосида брутто-шартнома асосида 21 та йўналишга 170 та янги автобуслар харид қилиниши белгиланган. Бу борада тадбиркорлар танловлар асосида аниқланиб, Ангрен шаҳрида рўйхатдан ўтган “ANGREN AVTO GROUP” МЧЖ томонидан Хитой Халқ Республикасидан 15 та “YUTONG” русумли автобусларни банк кредити асосида харид қилиш бўйича шартнома имзоланди. Автобуслар яқин кунларда олиб келиниб, фойдаланишга топширилади.

Бундан аввал, Олмалиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган “OLMALIQ TRANS SERVICE” МЧЖ томонидан ҳам 83 та автобус харид қилиш борасида Хитой компанияси вакиллари билан шартномалар имзоланишига келишилган эди. Мақсад замонавий автобусларда йўловчиларга янада қулайликлар яратиш, шаҳар жамоат транспортида автоматлаштирилган электрон тўлов тизимини татбиқ этишдир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, жорий йилда жамоат транспорти етиб бормаган ҳудудларни ҳам қамраб олган ҳолда 12 та янги йўналишлар ташкил этилади.
Шунингдек, автотранспортларни диспетчерлик марказига интеграция қилиш ва шаҳар автобус йўналишларида автоматлаштирилган тўлов тизими тўлиқ йўлга қўйилади.

А.Мусаев, ЎзА