Замонавий аппарат иш самарадорлигини оширди
Бухоро вилояти Ромитан тумани тиббиёт бирлашмаси Япония гранти асосида 93 минг евролик замонавий тиббиётда кенг қўлланилаётган EOP – яъни, кўп функцияли, электрон оптик кузатув ускунасини ютиб олган эди.
Нейрохирургия, нейротравматология, шунингдек, юрак қон-томир касалликлари жарроҳлиги соҳасида юқори технологик операциялар учун мазкур “smart” ускуна беқиёс аҳамиятга эга. Бу ускуна бемор организмига дахлдор нафақат рентген тасвирини, балки ҳар бир “участкаси”даги ўзгаришларни онлайн кузатиб, бу тўғрида ахборот бериб бориш имконига эга.
Юқори аниқликда ишловчи аппарат воситасида эндиликда туман тиббиёт бирлашмасида умуртқа поғонасида турли касаллик ва шикастланишлар, врач мутахассислар тили билан айтганда декомпрессияловчи интерламина эктомия, умуртқа фаолиятини тиклаш ва барқарорлаштиришга доир бир қадар мураккаб жарроҳлик операцияларини маҳаллий шароитда ўтказиш имконияти яратилди.

– Масалан, Ромитан тумани марказида яшовчи Т.Адизов кўп йиллардан буён бел ва оёқларида кучли оғриқ, қолаверса, умуртқасидаги ўзгариш ва дарддан азият чекиб келган, – дейди туман Тиббиёт бирлашмаси Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокор–травматологи Алишер Ҳамроев. – У 2007 йилда умуртқа поғонасида диск чуррасига доир дастлабки жарроҳлик операциясини ҳам бошидан кечириб, соғайиш йўлига ўтган. Аммо орадан йиллар ўтиб бемор 60 ёшга етганида бу касаллик яна хуруж қилиб, таянч-ҳаракат аъзолари имконияти чекланган, фуқаро мустақил юролмаслик даражасига етгани боис касалхонамизга ётқизилган. Бир ҳафталик ташхис ва ўрганишлар натижасида беморда диск чуррасининг ўсиши ва орқа мия асаб тизимининг қисилиши билан боғлиқ касаллик аниқланди. Бу нисбатан мураккаб жарроҳлик операциясини, яъни умуртқа поғонасини очиб, диск чуррасини бартараф этган ҳолда унинг 3 та бўғинига бир нечта металл мосламани ўрнатишни тақозо этарди. Шу жараёнда бизга Япониянинг EOP аппарати жуда қўл келди.
Сўнгги икки йилда бундай жарроҳлик операцияси туманда йигирмага яқин ўтказилганига қарамасдан, мазкур операция биз учун ҳам замонавий услубдалиги билан ҳам янгилик, ҳам ўзига хос синов бўлди. Операциясида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Реабилитация илмий маркази нейротравматологи С.Саидов ва бошқа юқори малакали маҳаллий шифокорлар яқиндан ёрдамлашди.
Қарийб 2,5 соат давом этган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган. Унинг ҳар бир дақиқаси ва жараён япон аппарати воситасида онлайн кузатиб борилди. Зарур чора-тадбир кўрилди. Бемор умуртқа поғонасидаги нуқсон бартараф этилди. Унга кўп йилга хизмат қилиши кафолатланган 6 та, зангламас жажжи металл мослама мустаҳкамланди.
Оғир операцияни бошидан ўтказганига қарамасдан, бемор икки кундан сўнг секин-аста оёққа туриб, юришни машқ қилмоқда. Ўзининг айтишича, уни кўпдан безовта қилиб келган белидаги оғриқ йўқолган.
Зариф Комилов,
ЎзА