“Заковат”нинг навоийлик ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан солиқ хизмати органлари ҳамда кадастр тизими ходимлари ўртасида ўтказилаётган “Заковат” интеллектуал ўйинининг “Давлат солиқ қўмитаси раиси кубоги” турнири Навоий вилояти саралаш босқичида энг билимдон жамоа аниқланди.
Турнир мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда давлат солиқ хизмати органлари ва ходимларининг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама етук кадрларни излаш ва танлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Жами 22 та гуруҳ иштирокидаги интеллектуал беллашувда жамоаларнинг билим ва салоҳияти, кенг дунёқараши, тафаккур қобилияти яна бир бор синовдан ўтказилди.
Интеллектуал ўйиннинг икки тур натижаларига асосан жамоалар адолатли мезонлар асосида сараланди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Навоий вилояти давлат солиқ бошқармасининг “Тафаккур” жамоасига насиб этди. 2-ўринга Навбаҳор туман давлат солиқ инспекциясининг “Янги юлдузлар” жамоаси ҳамда 3-ўринга Кадастрлар палатаси Навоий вилояти бошқармаси Қизилтепа туман филиалининг “Авангард” жамоаси лойиқ кўрилди.
Шунингдек, турнирда “Энг фаол билимдон”, “Энг фаол ёш иштирокчи” каби қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА