“Заковат” ғолиблари пул мукофоти билан тақдирланди
Ёшлар ижод саройида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби ННТ ҳамкорлигида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинларни ривожлантириш, илм-фанга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ташкил этилган мусобақада 294 нафар ёшлар иштирок этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда юртимиз бўйлаб барча туман ва шаҳар, таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда фаолият олиб бораётган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш бўйича турли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинларга бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Уларнинг қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва янада ошириш мақсадида соғлом рақобат руҳида ўтказиладиган интеллектуал ўйинларнинг ўрни ва аҳамияти катта.
Шу каби омилларни инобатга олган ҳолда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби ННТ ҳамкорлигида бир йилнинг ўзида иккинчи марта маҳаллалардаги ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган “Заковат” баҳслари беш босқичда, жумладан, маҳалла, сектор, туман, ҳудудий ва республика босқичларидан иборат шаклда ташкил этилди.
Турнирнинг ноябрь ойида ўтказилган туман босқичида жами 2 минг 496 та жамоа ва 17 минг 472 нафар ёшлар иштирок этди. Ушбу босқичда республикаги ҳар бир тумандан биттадан энг кучли жамоа турнирнинг ҳудудий босқичига йўл олди.

Ҳудудий босқич ўйинлари 208 та жамоа ва 1 минг 456 нафар ёшларни қамраб олди. Ушбу босқичда ҳар бир ҳудуддан учтадан энг кучли жамоа республика босқичига йўлланма олди ва шу тарзда бутун республика бўйлаб жами 42 та жамоа ва 294 нафар билимдонлар республика босқичида қатнашадиган бўлди.
Шунга кўра, финал босқичининг ғолиб ва совриндорлари муносиб тарзда мукофотланди. Хусусан, якуний босқичда биринчи ўрин ғолиблигини қўлга киритган жамоа 100 миллион сўм пул мукофоти, иккинчи ўрин 60 миллион сўм пул мукофоти, учинчи ўрин соҳиблари 40 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА