Қутлов
Бугун ким кўп – журналист кўп. Қоғоз керак эмас, ручка керак эмас, қўлингизда телефон бўлса бас, журналистсиз. Қизиғи, махсус маълумот бор-йўқлигининг аҳамияти йўқ, олий маълумот ҳақидаги дипломнинг бўлиши ҳам шарт эмас. Рост-ёлғонлиги тўғрисида ҳужжатга эга бўлмаган ҳолда тўрт қатор хабарни телефонда эълон қилиб юборасиз – журналистсиз. Албатта, хабар тарқатиш воситаси қоғоз ўрнига телефон бўлган ҳамма хабарчиларга ҳам тааллуқли эмас юқоридаги гаплар, улар орасида аслида қалами ўткир ҳақиқий журналистлар ҳам, ҳақиқий журналистдан ошириб сифатли-салмоқли хабару мақолалар эълон қилаётганлар ҳам жуда кўп. Журналистикада қоғоз ўрнини телефон, электрон воситалар эгаллаётгани эса мутлақо салбий ҳодиса эмас, давр тақозоси, тараққиёт самараси деб қабул қилиш тўғри бўлади...
Айни пайтда бу замонавий воситалар киоскадан сотиб олиб варақлаётганингизда уни ўқишга рағбат уйғотувчи, илҳом берувчи, босмахона бўёғининг иси димоққа уриб турувчи газетанинг ўрнини босолмаслиги тайин. Худди шунинг учундир бугун биздан тараққиётда жуда олдинда бўлган Америка, Англия ва Европа мамлакатларида ҳамон газета дўконлари гуркираб ишлаб турибди, гавжум жойларда газета сотувчи-тарқатувчилар фаолияти давом этаяпти...
Ана шу «минг йиллик» газета заҳматкаши бўлган бир ҳамкасб инсонни қутлуғ ёши билан табриклаш мақсадида қўлимга қалам олган эдим аслида. Беихтиёр юқоридаги гаплар хаёлимга келиб, қоғозга тўкилди.
Бу инсон қарийб ўн йил «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, сўнгра яна бир неча йил «Правда Востока» газетаси таҳририятларида бош муҳаррир лавозимида ишлаган Аббосхон Усмоновдир.
Газетачилик – сермашаққат, серзаҳмат соҳа. Газетада, яъни таҳририятда ишлаган ҳар бир журналист, қаламкаш бу фикрга қўшилишига ишончим комил. Эртага саҳарда ёруғ дунё юзини кўриши керак газета учун таҳририятда ҳар кун эрталабдан ҳаракат – жараён бошланади. Машинкада – компьютерда кўчирилган қўлёзма хабар ва мақолалар босмахонага берилади, линотин машиналарда бу матнлар қўрғошин сатрларга кўчирилади, темир рамкада саҳифаланиб, бўёқ суртиб қоғоз саҳифага кўчирилиб, таҳририятга юборилади, корректор-мусаҳҳиҳлар уни асл нусхага солиштириб ўқиб, хатоларини тузатади, сўнг навбатчи муҳаррир, бош муҳаррир ўқийди...
Ана шунақа заҳмат! Тўғрироғи заҳмат эди. Аббосхон ака эса умрининг, фаолиятининг катта қисмини мана шу заҳматларга «раҳбарлик» қилиб ўтказди. Йўқ, бу айтилганлар газетачиликнинг, бош муҳаррир фаолиятининг таҳририят ва босмахона ўртасида кечадиган бир қисми, холос. Миннатдорлик ҳамда асаббузарликлар билан кечадиган иккинчи ярми ундан кўра бошқачароқ, балки сермашаққатроқ ҳам. Мақтов мақолалар, бошқа ижобий материаллар беозор. Биров «мени нега ёлғон мақтадинг» деб ёқангдан олмайди ҳеч қачон, танқидий мақолалар эса баъзан бош муҳаррирнинг тинкасини қуритади: тўғри гап туққанингга ёқмайди, дегандек. Лекин у мақолалар керак. Адолат ва ҳақиқатнинг қарор топиши, тикланиши учун, мамлакат тараққиёти учун керак. Асосийси, бундай мақолалар газетхон учун, газетанинг обрўси учун зарур. Одамлар газетадан бирон бир янгиликдан хабардор бўлиш, ижтимоий ҳаётда рўй бераётган ўзгаришлардан, ислоҳотлардан хабардор бўлиш учун уни дўкондан сотиб олади, варақлайди. Танқидий мақолани эса деярли ҳамма ўқийди. Бош муҳаррир дадил бўлса, виждонли бўлса, жасур бўлсагина бундай мақолалар тез-тез газета саҳифасини безайди. Аббосхон Усмонов бош муҳаррир бўлган газеталар тахламларини варақлаган газетхон эса бу шахсга юқоридаги сифатлар ҳамроҳ эканлигига гувоҳ бўлади...
Маълум давр мобайнида бирга ишлаганмиз. Навбатдаги мақолани кўтариб кирган эдим, у киши ўз столи ортида тик турганича «вертушка» – Ҳукумат телефонида ким биландир гаплашаяпти экан. Чиқиб кетмоқчи эдим, «кираверинг» ишорасидан кейин яқинлашиб, беихтиёр суҳбатни эшитдим. Англадимки, нариги томондаги суҳбатдош Бош прокурор экан. Бош муҳаррир асабий, чирсиллаб жавоб қайтараяпти суҳбатдошига. Уч-тўрт дақиқа суҳбатдан сўнг бўлмади, Аббосхон ака «портлади»:
– Келиб газетани ўзинглар чиқаринглар бўлмаса! – деди ҳаяжон ва зарда билан. Сўнг суҳбат қисқа бўлди, хайрлашишди.
Албатта, нима гаплигини мен сўрамадим, у киши айтмади. Шуниси аниқки, ўша прокурор бу лавозимда узоқ ўтирмаганлардан бири эди.
Танқид – ҳақиқатнинг, халқнинг дўсти, журналистнинг “душмани”. Биринчи навбатда бош муҳаррир журналистнинг. Табиатида адолат, ҳақиқатга ишонч, Ватанига, эл-юртига муҳаббат мавжуд инсон– бош муҳарриргина фақат юмшоқ курсисини эмас, жамиятни ўйлайди.
Донишманд публицист-ёзувчи Альбер Камю айтган эди: «Мен Ватанимни койийман, танқид қиламан, чунки мен уни бошқалардан кўра кўпроқ яхши кўраман!»
Аббосхон ака мамлакатдаги энг нуфузли, ижодий жамоага ўтган асрнинг сўнгги йилларида раҳбар лавозимига тайинланди. «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарига бош муҳаррир бир киши бўлгани билан бири иккинчисидан таржима ҳолида эмас, алоҳида, русийзабон журналистлардан иборат жамоа эканлиги билан ажралиб туради. Юз нафардан ортиқ бу иккала газета қаламкашларига раҳбарлик қилиш эса раҳбардан жуда катта салоҳият, ҳаётий тажриба, муомала дипломатиясини тақозо этади. Бу давргача узоқ йиллар Тошкент вилоят партия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида катта-кичик турли лавозимларда ишлаб келган Аббосхон Салоҳиддиновичда бундай сифату фазилатлар етарли бўлгани, рус тилини мукаммал билгани учун ҳам узоқ йиллар муваффақиятли ишлади. Ўша даврларда унинг раҳбарлиги остида фаолият юритган кўп журналистлар ҳозиргача унинг номини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оладилар...
Аббосхон акада ҳар қандай раҳбар учун зарур бўлган ташкилотчилик қобилияти етарли эди. Ва бу «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газета таҳририятлари жойлашган Матбуотчилар кўчасидаги етти қаватли тахририятлар биносининг еттинчи қаватини тўлалигича «евростандарт» реконструкция – таъмирлашда жуда қўл келди: учта-тўртта хоналар бирлаштирилиб бир неча ходим ўтирадиган ойнаванд залларга айлантирилди. Унгача биз бундай таҳририятларни телевизор орқали Европа мамлакатларида кўрганмиз, холос. Жамоада руҳ ўзгарди, кайфият кўтарилди. Атайлаб бу манзарани кўриш учун келаётган кишилар қанча. Мустақилликдан сўнг Ўзбекистон деган давлатга қадам ранжида қилаётган чет эллик журналистларга бу таҳририят фахр билан кўз-кўз қилишга арзигулик эди...
...Телевизорда ўлкамизнинг Бўстонлиғу Сурхон тоғларидаги шаршараларни, оромбахш табиат манзараларини кўрганимда, Россиянинг «Природа» (табиат) каналини томоша қилаётиб Аббосхон аканинг ташкилотчилик қобилиятига оид бир ҳолат ёдимга тушаверади. Ҳозирги ёш авлод ишониши қийиндир, лекин бор гап шуки, телевизорда илгари бундай манзаралар умуман намойиш этилмаган. Расмий кўрсатув ва расмий хабарлар, гаплар, холос. Қадим даврда эмас, бундан бор-йўғи ўттиз йил муқаддам шундай эди. Ўша даврда Президент Девонида бош консультант лавозимида ишлаётган Аббосхон Усмонов мустақилликка оид долзарб бир китобни юқори савияли полиграфияда чоп эттириш учун ношир мутахассис билан биргаликда бир ойга яқин Туркия сафарида бўлди. Қайтиб келгач таассуротларини ҳикоя қилиб хулоса ясаяптилар: «Ҳабибулла, мен у ерда кашф қилган бир нарса – турклар Ватанини жуда қаттиқ яхши кўради. Кечқурун меҳмонхонада телевизор кўрамиз-ку, кўрсатувларнинг орасида Туркиянинг гўзал гўшаларини, табиат манзараларини шунчаки матнсиз намойиш этиб «О-о, менинг Туркиям!» деб ҳайқириб қўйишади».
Бирга ишлардик, хонада ўтирибмиз. Менинг кўз олдимга ўзимиздаги Туркиядан қолишмайдиган ўша тоғлару шаршаралар келди. Буни устозга айтдим. Аббосхон ака бир зум ўйланиб қолди, сўнг «ростданам, нега биз телевизорда ўша гўзалликларни кўрсатишимиз мумкин эмас, кўрсатувлар орасида томошабин дам олиши учун?» Ва, дарҳол тўрт рақамли Ҳукумат телефони трубкасини кўтариб, Телерадиокомпания раиси вазифасини бажараётган Зафар Ҳакимовга бу таклиф-топшириқни айтдилар. Вассалом, ўлка гўзаллиги экранга кўчди...
Умр оқар дарё. Юқоридаги воқеа-ҳодисалар худди кечагина бўлиб ўтгандек. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Аббосхон Усмонов бугун фарзандлару невара-чеваралар – оила даврасида саксон ёшни қаршилаяпти. Унвондан бошқа мукофотларини санаш учун ўзларига мурожаат қилишим керак эди, мурожаат қилмадим. Сабаби, «мақола шарт эмас» дейишлари эҳтимолга жуда яқин. У киши шу даражада камтар, катта ҳарфлар билан ёзса арзийдиган Шахс...
Тўқсонга тўқнашганда, юзга юзлашганда санармиз бошқа мукофотларини. Умрингиз зиёда бўлсин, устоз!
Ҳабибулла ОЛИМЖОНОВ,
журналист-юрист.