Зафарободдаги бунёдкорлик ишлари депутатлар эътиборида
Жиззах вилояти Зафаробод туманида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани янгилаш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасидаги ишлар депутатлар томонидан ўрганилди.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати Баҳодир Назаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ таркибида туман ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Сатторов, туман Кенгаши раиси Жасур Абдуллаев, Кенгаш котибияти мудири Баҳром Ҳамроқулов ҳамда маҳаллий депутатлар иштирок этди.
Дастлаб ишчи гуруҳ Ёрқин маҳалласидаги 85 ўринли оилавий шифокорлик пунктининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечирди. Муассасани иситиш учун давлат-хусусий шериклик асосида 16 тонна кўмир етказиб берилган. Бино фасади эса иссиқликни сақлаш мақсадида базальт қопламаси билан қопланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Шоҳруҳия ва Ёркент кўчаларида 1,5 километр пиёдалар йўлаги қурилиб, 56 та энергия тежамкор чироқ ўрнатилган. Учма, Қизилтош ва Беҳбудий кўчаларининг 3 километр қисми асфальтланган. Шунингдек, 2 та трансформатор ўрнатилиб, 1 километр электр тармоғи ва 1,5 километр лоток тизими янгиланган. Бу ишларга жами 7,8 миллиард сўм йўналтирилган.
Маҳаллада 3,1 миллиард сўм ҳисобидан микросаноат зонаси ҳам барпо этилмоқда. Бу ерда савдо ва ишлаб чиқариш объектлари жойлаштирилиб, янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, яшил майдонлар, қарийб 1 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилмоқда.
— Маҳалламиз тобора обод бўлиб, қиёфаси ўзгармоқда, — дейди маҳалла фахрийси Жаббор Шарипов. — Айниқса, микросаноат зонаси ёшлар ва тадбиркорлар учун катта имконият яратади. Янги корхоналар ишга тушиши билан маҳалладошларимиз доимий иш ўринларига эга бўлади. Ички йўллар ва инфратузилма билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилаётганидан мамнунмиз.
Маҳалла биносида ўтказилган очиқ мулоқотда аҳолининг ички йўлларни таъмирлаш, коллеж биносини реконструкция қилиш, электр тармоқларини янгилаш ва тадбиркорларга субсидия ажратишга оид мурожаатлари тингланиб, масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақомини олган Зафарободни комплекс ривожлантириш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан туман марказига киришдаги 2,1 километр кўчада 7,4 миллиард сўмлик ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипед йўлаклари қуриш, ёритиш тизимини янгилаш ҳамда канал атрофини тўсиш ишлари бажариляпти.
[gallery-32394]
Бўстон маҳалласида эса қаровсиз қолган майдон ўрнида фаввора, чархпалак ва саломатлик йўлакларига эга замонавий истироҳат боғи барпо этилмоқда.
Ўрганишлар якунида аниқланган муаммоларни масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтиришга келишиб олинди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА