ЎзА карвони йўлга тушди
100 миллион сўмлик пул ва маҳсулотлар ортилган карвон бугун йўлга тушди.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган акцияда юртдошларимиз фаол иштирок этишди. 100 миллион сўмлик пул ва маҳсулотлар ортилган карвон бугун йўлга тушди.
Юкларнинг дастлабкиси Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳарчасига йўл олди. 40 миллион сўмлик юк ортилган автомобилида энг зарур озиқ-овқат, кийим кечак, зарур гигиеник воситалар ўрин олган.
Мирзачўл ва Сайҳунобод туманларига юбориладиган юкларнинг суммаси эса қарийб 60 миллион сўмни ташкил этди.
Акция доирасида жами 21,5 миллион сўм ва 2000 АҚШ доллари йиғилди. Ушбу маблағга зарур дори дармонлар, ифторлик учун аталган ширинликлар билан тўлдирилган қутилар олишга сарфланди.
Шунингдек, ҳамюртларимиз томонидан тақдим этилган кийим кечак, рўзғор буюмлари, кўрпа тўшаклар ҳам юк автомобилларига ортилган.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, минглаб юртдошларимиз ўз уйларини тарк этишларига тўғри келди. Улар бугун ёрдамга муҳтож. 2 май куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳам жабрдийдаларга ёрдам бериш учун “Бир қути саховат!” акциясини эълон қилган эди. Акция давом этмоқда.






