Юртимизнинг Деҳлидаги элчихонасида ҳам овоз берилди
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги дипломатик миссияси ҳузурида ташкил этилган 52-сайлов участкасига ушбу мамлакатда вақтинча бўлиб турган юртдошларимиз ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида фаол қатнашмоқда.
Сайлов участкасида тузилган ва таркибига элчихона ходимлари ҳамда Ҳиндистонда вақтинча бўлиб турган фаол юртдошларимиз киритилган сайлов комиссияси муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага пухта тайёргарлик кўрди.
– Хорижда туриб, сайлов олди жараёнини қизиқиш билан кузатиб бордик, – дейди Ҳайдаробод марказий университети аспиранти Ферузбек Саитов. – Бугунги сиёсий тадбир мамлакатимиз келажаги, айниқса биз, ёшларнинг эртанги кунимиз учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Хориждаги ватандошлар учун яратилган бундай шароитлар сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнининг ёрқин ифодасидир.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистондаги сайлов жараёни Ҳиндистоннинг етакчи нашрлари марказий саҳифаларида акс этмоқда. Хусусан, “Press Trust of India”, “Asia News International” ахборот агентликлари, “The New Indian Express”, “The Economic Times”, “The Financial Express” каби етакчи марказий ва минтақавий оммавий ахборот воситаларида инглиз, ҳинд ва кўплаб бошқа маҳаллий тилларда туркум материаллар чоп этилмоқда.
– Сайловда иштирок этаётган партиялар дастурлари билан танишиб чиқдим ва бугун ўз танловимни билдирдим, – дейди Деҳли университети 3-босқич талабаси Диана Зинченко. – Ҳозир хорижда бўлсам-да, мамлакатимиз тараққиёти учун овоз бериш мен учун жуда муҳим. Элчихона ҳузурида ташкил этилган сайлов участкасида фуқаролик қарашимизни ифодалаш учун барча шароит яратилди.
Дипломатия миссияси томонидан Ҳиндистон ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари, маҳаллий жамоатчилик вакиллари, тадбиркорларни Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган парламент сайлови мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида давра суҳбатлари, турли тадбирлар уюштирилди, халқаро анжуманларда батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Ҳиндистондаги 52-сайлов участкасида овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 20.00 да якунланади.
Ўткир Алимов, ЎзА