Юртимиздаги энг баланд байроқ қаерда ўрнатилган?
ФОТОФАКТ
Бугун юртимиз бўйлаб деярли барча ҳудудлар марказларида энг юксакликда ҳилпираб турган давлатимиз байроғини кўришимиз мумкин. Қуйида энг баланд ўрнатилган байроқлар ҳақида маълумот берамиз.
Тошкент шаҳридаги энг улкан байроқ 2018 йил 16 июль куни “Халқлар дўстлиги” санъат саройи олдидаги сайилгоҳда ўрнатилган бўлиб, унинг баландлиги 65 метрни ташкил этади. Давлат байроғининг узунлиги 20 метр, эни 10 метрдан иборат.

2019 йил 20 мартда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ва Махтумқули кўчалари чорраҳасида ўрнатилган Давлат байроғининг баландлиги 57 метр.

2018 йили Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик тантаналари арафасида Нукус шаҳри марказида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ўрнатилган эди. Байроқларнинг баландлиги 55 метрни ташкил этади.

Андижонда баландлиги 64 метрлик махсус устун чўққисига мустаҳкамланган байроқ кўҳна Эски шаҳар ҳудудидаги хиёбонда ўрнатилган. Байроқнинг узунлиги 14, эни 7,5 метр, оғирлиги эса 33 килограммдан иборат.

Бухоро шаҳридаги «Фавворалар майдони» боғига 2019 йил 16 мартда 60 метр баландликда узунлиги 16 метр, эни 8 метр бўлган давлат байроғи ўрнатилди.

Самарқандда шундай улкан байроқ 2018 йил 7 декабрда шаҳарнинг Кўксарой майдонида ўрнатилган. 60 метрлик флагштокдаги ушбу байроқнинг узунлиги 20 метр, эни 10 метр.

Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳри узра ҳилпираётган байроқнинг баландлиги 32 метр, узунлиги 5, эни 3 метр.

Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида 2017 йилда 44 метр баландликдаги флагштокка ўрнатилган байроқнинг ҳажми 6,5 метрга 4,5 метр.

Навоий шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғидаги салобатли байроқ 2018 йилда ўрнатилган. Унинг баландлиги тутқичи ва устуни билан биргаликда 62,5 метр. Узунлиги 20, эни 10 метр.

Наманган вилояти Косонсой тумани марказидаги улкан байроқ 2019 йилда ўрнатилган. Осмон узра ҳилпирай бошлаган байроқнинг баландлиги 60 метр.

2018 йил ноябрда Урганч шаҳри марказида жойлашган Амир Темур номидаги истироҳат боғида ўрнатилган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи баландлиги 60 метр.

Фарғона вилоятида 2019 йили мамлакатимиз Бош Қомуси қабул қилинган сана арафасида Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройи хиёбони ҳудудида улкан байроқ ўрнатилган эди.
Мазкур ҳудудда бугун юртимиздаги энг катта салобатли, баландлиги 67 метр, ҳажми 20 метрга 10 метр бўлган давлат байроғи кўрк бағишлаб турибди.

2019 йили 18 ноябрда Жиззах шаҳрининг бош майдонида 60 метрлик флагштокда давлат байроғи ҳилпирай бошлади.

2019 йили 22 августда Гулистон шаҳрида ҳам улкан байроқ ўрнатилди. Унинг баландлиги 65 метр бўлиб, узунлиги 20 метр, эни 10 метрдан иборат.

ЎзА суратлари.