Юртимизда Рамазон ойи шукуҳи кезмоқда
Айни кунларда юртимизда ойларнинг энг фазилатлиси, хайр ва эзгуликка тўла Рамазон шукуҳи кезиб юрибди. Юртдошларимиз, мўмин-мусулмон халқимиз қалбига сурур ва шодлик бахш этмоқда. Фуқароларимиз ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат ва иноқлик ҳисси янада кучаймоқда.
2024 йил 7 мартда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Президентимиз қарори ҳам бу борадаги ишларнинг изчил амалга ошиши учун хизмат қилмоқда.
Барчамизга маълумки, муқаддас ислом дини илм-маърифат, ҳам жисмонан, ҳам маънан поклик динидир. Юқоридаги қарорда ҳам динимизнинг бу жиҳатига алоҳида эътибор қаратилиб, юртимиз тинчлиги, оилаларимиз тотувлигида унинг ажралмас ўрни бор эканлиги қайд этилган. Ихлосманд халқимиз бу ойни хурсандчилик билан ўтказиши, ўсиб келаётган ёш авлодга аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни бекаму кўст етказишимиз лозимлигига урғу берилган.

Дарҳақиқат, ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда бизнинг диёрдан етишиб чиққан забардаст уламоларнинг қолдирган илмий асарлари бутунжаҳон илм-у фани ривожига асос бўлиб хизмат қилган, десак муболаға эмас. Биргина Имом Бухорий ҳазратларининг ҳадис илмида тўплаган “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” асарлари ислом шариатида Қуръони каримдан кейинги иккинчи ўринда турадиган илоҳий манба ҳисобланади. Абу Исо Ат Термизий, Бурҳониддин Марғилоний, Абу Мансур Мотурудий, Абу Лайс Самарқандий ва кўплаб бошқа уламоларимизнинг бу йўлдаги хизматларини зикр қилсак арзийди.
Албатта, уларнинг асарларида қалб поклиги, инсоний фазилатларни жо айлаб, зарарли иллатлардан йироқ бўлиш борасида кўплаб маънавий сабоқлар келтирилган. Ушбу асарлар мазмун-моҳиятини барча юртдошларимизга етказиш, уларни хабардор қилиш жамият фаровонлиги ва уларнинг ахлоқий савиясини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, Рамазон хайр-у саховат ва эзгулик ойи ҳамдир. Бу ойда қилинадиган эҳсонларнинг ажр-у савоби улкан бўлиши илоҳий манбаларда қайд этиб ўтилган. Буни ёдда тутган халқимиз доимо олийжаноблик ва саховатпешалик фазилатларини ўзида намоён қилиб, беморлар, етим-есирлар ҳамда моддий кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзган. Кириб келган жорий ойда ҳам қадриятга айланган эзгу анъаналар давом эттирилиб, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга моддий ва маънавий кўмак бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг қарорида таъкидланган яна бир жиҳат шундан иборатки, аждодларимиздан бизга мерос қолган тарихий қадамжолар, уларнинг қабрлари жойлашган мақбара ҳамда зиёратгоҳларнинг ободлигига ҳам алоҳида эътибор қаратишдир. Бу масканларда тозалик ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бизнинг зиммамиздаги ҳам қарз, ҳам фарз бўлган амаллардандир. Улуғларимиз бирор ернинг ободлигини билмоқчи бўлсанг, уларнинг бозорлари ҳамда мозорларининг ҳолатига боқ, дейишган. Дарҳақиқат, маҳалла ва гузарларимиз, қабристон ва кўчаларимизни озода сақламоқлик ушбу жамиятда яшайдиган барча кишиларнинг бурчи бўлиб, муборак Рамазон ойида бу ишларда янада фаол бўлишлик талаб этилади.
Ушбу ойда Республикамиз бўйлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги жомеъ масжидларда таровеҳ намозларида Хатмул-Қуръонлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, вилоятимизда ҳам 56 та масжидда таровеҳ намозларида Қуръони карим диний идора томонидан тайинланган моҳир Қуръон ҳофизлари томонидан ўқиб берилмоқда. Ибодатлар сўнггида юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз фаровонлиги, халқимиз осойишталиги учун кўплаб дуойи хайрлар қилинмоқда. Қарорда ҳам ушбу тадбирларни жамоат тартибига риоя қилган ҳолда тартибли ўтказиш назарда тутилган. Шунга асосан, вилоятимиздаги барча масъул, тегишли ташкилотлар бу тадбир ва маросимларни тинч-омон ўтказиш, фуқаролар эмин-эркин ўз ибодатларини адо этишлари учун беминнат хизмат қилишмоқда.
Рамазон ойи барчамизга қутлуғ бўлсин! Ушбу ойда барчамизнинг эзгу тилакларимиз амалга ошиб, ҳам жисмонан, ҳам руҳан покланган ҳолда бу ойнинг ажр-у савобларидан баҳраманд бўлиш насиб айласин!
Тоҳир Рўзиев,
Навоий вилоят бош имом –хатиби.
ЎзА