Юртимизда Рамазон ҳайити намози ўқилди
Бугун, 30 март – якшанба куни эрта тонгда юз минглаб юртдошларимиз Рамазон ҳайити намозини адо этиш учун ўлкамиздаги икки мингдан ошиқ масжидларга ташриф буюрди.
Маълумки, Ўзбекистон – ислом маданияти ва анъаналарини асраб-авайлайдиган мамлакатлардан бири. Шу боис ҳам юртимизда ҳайит байрамлари, айниқса, Рамазон ҳайити катта шоду-хуррамлик ва эзгулик билан нишонланади.
Ҳақ таолога беҳисоб шукроналар бўлсинки, бу йилги Рамазон ойи ҳам ниҳоятда файзли ва барокатли, яхшиликларга бой ўтди. Ушбу қутлуғ кунларда инсонлар бир-бирларига меҳр кўрсатиб, саховатли ишларга ошно бўлишди. "Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи" шиори остида юртимиздаги 9 минг 500 га яқин маҳаллада кам таъминланган оилаларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.
Президент фармонига мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 488 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 100 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 268 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 86 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
[gallery-22581]
Мана шундай шукуҳли дамларда "Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди ва унга асосан Рамазон ҳайити байрамини 30 март куни кенг нишонлаш белгиланди.
Бугун, 30 март – якшанба куни эрта тонгда юз минглаб юртдошларимиз Рамазон ҳайити намозини адо этиш учун ўлкамиздаги икки мингдан ошиқ масжидларга ташриф буюрди.
Рамазон ҳайити маърузасида инсонларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ўй-ташвишларини ўрганиб, яхшилик қилиш ғоят савобли амал экани таъкидланди. Халқимизнинг саодатли турмуши йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларга алоҳида урғу берилди.
Ҳайит намози адо этилгач, Яратгандан бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик ато этиши, ибодатларимизни Ўз даргоҳида қабул қилиши ва она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон бўлиши йўлида дуо-ю илтижолар қилинди.
Рамазон ҳайити нафақат бугунги қувонч, балки келажакка бўлган умид ва ишонч байрамидир. Бу байрам одамлар қалбида саховат, меҳр-оқибат ва эзгулик уруғларини экиб, жамиятимизнинг янада уйғун ва мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.
Шундай экан, ушбу улуғ кунларда ҳайитнинг ҳақиқий моҳиятини англаб, бир-биримизга меҳрибон бўлиш, жамиятимизга яхшилик улашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Умиджон Қурбонов, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА