Юртимизда ғўза уруғчилиги ривожлантирилади
Маълумки, юртимизда пахта етиштириш бўйича янги механизм жорий қилиниб, қурғоқчилик, шўрланиш ҳамда касалликларга чидамли навларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунга кўра, пойтахтимизда Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Бунёд Мамараҳимов Хитойнинг инновацион пахта уруғчилиги билан шуғулланувчи корхонаси раҳбари Ченгбо Жианг билан учрашди.

Тадбирда қайд этилганидек, республикамизда жорий йил пахта экиладиган майдонларнинг 20 фоизига хориж селексияга мансуб ғўза уруғлари Шинжон агротехнологияси асосида экилади. Яна 20 фоиз майдонда маҳаллий ғўза уруғларини ҳам Шинжон технологияси асосида 76/10 схемали қўшқатор, плёнка остида экиш мақсад қилинган.

Хитой Халқ Республикаси билан олиб борилаётган илмий ва амалий ҳамкорлик юқори ҳосилдор навларни ва агротехнологияларни мамлакатимизга кириб келишига замин яратмоқда.

Тадбирда томонлар Ўзбекистон шароитида уруғлик етиштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида мулоқот қилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА