
Юртимиз ҳудудида мусиқа санъати қадимги даврлардан ривожланиб келган. Санъат ривожи чолғу асбобларининг пайдо бўлиши ва такомиллашуви билан ёнма-ён кечган.
Ислом цевилизацияси марказининг маълумотига кўра, Самарқанд яқинидаги Мўминобод қишлоғидан топилган 3300 йиллик тарихга эга суякдан ясалган най юртимиз Шарқ чолғу асбоблари пайдо бўлган ҳудудлардан бўлганини кўрсатади.
Афросиёб фрескаларида акс эттирилган қўшиқчи ва созандалар тасвирлари ҳам ушбу хулосани тасдиқлайди.
1964 йил Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Мўминобод қишлоғи ҳудудида бронза-жез давридан қолган обидаларнинг мавжудлиги аниқланган. Шу қишлоқда истиқомат қилувчи Мирзо Тошбоев ўз томорқасида ток қаламчаларини қадаётиб, антиқа қабр устидан чиқиб қолди. Қабрдан қўлларида қўнғироқсимон зирак, бурнига кумуш суви юргизилган ҳалқа тақилган чақалоқ скелети топилиб, унинг бош томонида сопол парчалари, шунингдек, суякдан ясалган най ва бир қанча маржон бўлаклари сочилиб ётган.
Воқеадан хабар топган бир гуруҳ археолог ва этнографлар бу ерга келиб уни синчиклаб ўрганишган.
Ўрганишлар натижасида ана шу буюмларга асосланиб, Ургутда бронза-жез даврида ҳам одамлар яшаганлигини, ҳунармандчилик кенг тарқалганлигини таъкидланган.
Ҳозирда бу най Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида сақланмоқда.
- Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг “Ўзбекистон – най мусиқий асбоби ватани” медиалойиҳаси доирасида Мўминободдан топилган най чолғусининг нусхаси яратилиб, экспозицияга қўйилади. Шунингдек, най чолғусининг пайдо бўлиши, такомиллашуви ва бугунги кўринишлари ҳамда имкониятларини очиб берувчи ҳужжатли фильм яратилади, мазкур масала бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади ва бўлим электрон кутубхонасига жойлаштирилади, - деди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг илмий ходими Алимардон Ҳайитов.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, мусиқа ҳақидаги фалсафий-эстетик таълимотлар Абу Наср Форобий ва Ибн Сино каби қомусий олимларнинг асарларида учрайди.
3300 йиллик топилма Ўзбекистон ҳудудида маданият ва санъат, хусусан, мусиқанинг ривожи қадим тарихга эга эканидан далолат беради.
А.Рустамов, ЎзА