Юртгa муҳaббaт вa бирдамлик тaронaси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоят театр-концерт саройида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Ватан ҳақида қалбдан чиққан сатрлар, дилтортар тароналар барча иштирокчиларга унутилмас онларни тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Маданият вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Ватан манзумаси” адабий-маърифий кечаси қалбларда миллий ғурур ва бирдамлик туйғусини уйғотди. Унда таниқли шоирлар, ёш ижодкорлар, санъаткорлар, театр жамоалари ва ҳарбий оркестр иштирок этди.
Тадбир давомида Ватан озодлиги йўлида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотираси ёдга олинди. Уларнинг жасорати ва фидойилиги мадҳ этилган шеърлар янгради, ўз жонини юрт учун фидо қилган ўғлонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
[gallery-24896]
- Ватан ҳақидаги ҳар бир мисра қалбимиздаги энг чуқур туйғуларнинг ифодасидир. Биз уни сўзлар орқали эмас, бутун борлиғимиз билан ҳис қилиб ёзамиз, - деди шоир Муҳаммадали Ғаффоров.
“Ватан манзумаси” дастурининг асосий мақсади она юртдан фахрланиш, уни асраб-авайлаш, тинчлиги ва равнақи учун фидойилик билан хизмат қилиш туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Тадбирда, шунингдек, Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли юртимизда шаклланган “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” деган эзгу анъанани мустаҳкамлаш, ижодкорлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида якдилликни янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА