Юртдошларимиз референдумда ўз хоҳиш-иродасини билдирмоқда
Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 5-Навоий округ комиссияси томонидан навбатдаги брифинг ўтказилди. Унда округ комиссияси раиси Назира Тоғаева “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳаси бўйича ўтказилаётган референдум жараёни тўғрисида ахборот берди.
Таъкидланганидек, Навоий вилоятида ҳам ташкил этилган участка комиссияларида овоз бериш жараёнлари эрталабки соат 8:00да давлат мадҳияси садолари остида очилиб, ўз фаолиятини бошлади. Мазкур сиёсий тадбирда юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасига ўз муносабатини билдирмоқда. Вилоятимиздаги туман ва шаҳарларда ташкил этилган участкаларда фуқароларнинг овоз бериши, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун барча шароитлар яратилган.
[gallery-11660]
Вилоятда жами 411 та референдум участкаси мавжуд бўлиб, овоз берувчилар 621 минг 679 нафарни ташкил этади. Шундан биринча марта овоз бераётганлар 18 минг 225 нафар, муддатидан олдин овоз берганлар сони эса 8 минг 241 нафардан иборат.
Бугун соат 12:00 гача 361 минг 99 нафар, яъни 58,1 фоиз вилоятдошимиз овоз берди.
Ҳудудларда овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА