Юрт тинчлиги мард ўғлонлар ҳимоясида
Навоий вилоятида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Ҳарбий ватанпарварлик” фестивали бўлиб ўтди.
Фестиваль доирасида “Миллий армиямиз – миллий ғуруримиз” мавзусида маънавий-маданий тадбирлар ўтказилди. Вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси, Маънавият ва маърифат бўлими, Маданият бошқармаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган тадбирда юртимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётан ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳияти, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Фестиваль доирасида ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ички ишлар бошқармаси, Миллий Гвардия Навоий вилояти бош бошқармаси ҳамда ҳарбий қисмларнинг махсус бўлинмалари томонидан жанговорлик кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Ёшлар ўртасида ўтказилган шахмат, камондан ўқ отиш, арқон тортиш, тош кўтариш мусобақалари барчада катта қизиқиш уйғотди. Ғолиблар ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Санъаткорлар ва 7532-сонли ҳарбий қисм оркестр жамоаси томонидан ижро этилган Ватанни ва юртни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА