Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик
Олмалиқ шаҳридаги “Гўзал” тантаналар мажмуасида 11 ноябрь Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан ”Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалар Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши масъуллари, вилоят корхона-ташкилотларининг касаба уюшмалари вакиллари, ОКМК таркибий бўлинмалари касаба уюшмаси қўмиталари раислари иштирок этди.
Тадбир аввалида сўз олган “Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов соҳа вакилларини самимий муборакбод этди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Муроджон Носиров ҳам касаба уюшмалари вакилларини байрам билан табриклади.
Касаба уюшмаси фаолиятида илғор бўлган 4 нафар ходим 3-даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан 6 нафари эса Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Шунингдек, 12 нафар ходимга қимматбаҳо совғалари туҳфа этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан ҳам вилоят корхона ташкилотларининг бир гуруҳ фаол соҳа вакиллари ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида “Металлург” МС ижодий гуруҳлари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага манзур бўлди. Айниқса, ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи Ирода Аллаберганованинг шўх-шодон қўшиқлари барчани рақсга чорлади. Таниқли сўз усталарини ўзида жамлаган “Қаҳқаҳа” гуруҳи ҳамда Республика ёш томошабинлар театр актёри Райимжон Умаров томонидан ижро этилган ичакузди ҳангомалар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
ОКМК Ахборот хизмати