Юрт фидойилари унутилмайди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи давлат музейида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда вазирлик, идоралар ва муассасалар идоравий архивларининг масъул ходимлари учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Бахтиёр Ҳасанов ва бошқалар мамлакатимизда тарихий ҳақиқатни тиклаш ишлари изчил олиб борилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги "Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар бошлаб юборилган.
Семинарда таъкидланганидек, халқимиз озодлиги ва эркинлиги, авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб, азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, улар фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасидаги қатор ишлар натижасида кўплаб пок номлар тикланмоқда.
Бу борадаги ишларни янада самарали ташкил этиш мақсадида тарихчи олимлар, мутахассислар томонидан Концепция лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Концепцияда қатағон қурбонларини аниқлаш бўйича тарихий даврлар, олиб бориладиган ишлар йўналишлари, хотира китобларига киритилган маълумотлар, юқорида номи келтирилган фармойишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилди.
Президент Администрацияси, Олий суд, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Фанлар академияси, "Ўзархив" агентлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг масъул ходимлари иштирок этган ушбу семинарда иштирокчиларга Концепциянинг мазмун-моҳияти ва уни амалга оширишга доир саъй-ҳаракатлар хусусида батафсил тушунтирилди.
Маълумки, мустамлакачилик даврида минглаб аждодларимиз Ватан озодлиги йўлида фидойиларча курашиб, репрессияга учраганлар. Ушбу даврда кўплаб ватандошларимиз юрт озодлигига эришиш, мустақил тараққиётни таъминлаш, тарихий, маданий, диний қадриятларни сақлаб қолиш, тиклаш йўлида курашганлар ҳамда бу борада азиз жонларини фидо этганлар.
Семинар-тренингда мустақиллик ва адолат тантанаси йўлида умри хазон бўлган ҳар бир ватандошимизнинг исми-шарифини тиклашда идоравий архивларининг олдида турган долзарб вазифаларга асосий эътибор қаратилди.
Тадбир қатнашчиларини қизиқтирган саволларга Қатағон қурбонлари хотираси ва Ўзбекистон тарихи давлат музейлари, Фанлар академиясининг Тарих институти, Ўзбекистон Миллий университети, Халқаро ислом академиясининг тарихчи олимлари батафсил жавоб бердилар.
Шунингдек, Қатағон қурбонларининг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўламини кенгайтириш мақсадида жойларда фаолият кўрсатаётган илмий-ишчи гуруҳлар билан идоравий архивлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Ишчан ва амалий руҳда ўтказилган семинар-тренинг якунида Президентимизнинг "Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Н.УСМОНОВА, ЎзА