Юридик таълим кенг ислоҳ қилинмоқда
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда.
Бу йил мамлакатимиз мустақилликка эришганига 30 йил тўлади. Давлатимиз раҳбари 2020 йил 17 декабрда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Айни пайтда унга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Тошкент давлат юридик университетини том маънода мустақиллигимиз меваси, ҳуқуқшуносларимиз орзу-мақсадларининг ушалиши, дейиш мумкин. Унинг мустақил таълим муассасаси мақомини олганига бу йил 30 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 2 февралдаги буйруғига асосан университетнинг 30 йиллиги кенг байрам қилинади.
Мамлакатимизда юридик таълим соҳаси ҳам кенг ислоҳ қилинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ТДЮУ ва бошқа юридик факультетларни халқаро тан олинган таълим муассасалари рейтингига киритиш, миллий юридик таълим рақобатбардошлигини ошириш вазифаси қўйилган эди.
Яқинда университетнинг Буюк Британиядаги олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритувчи ва университетлар фаолиятини баҳолаб борувчи нуфузли “Times Higher Education” ташкилоти ўзининг навбатдаги “THE Impact Ranking” рейтинги натижаларини эълон қилди. Унинг ўрганиш ва хулосаларига асосан дунёнинг 94 та минтақа ва давлатидан қатнашган минглаб олий таълим муассасалари орасида Тошкент давлат юридик университети 401-ўринни эгаллагани юбилейга муносиб туҳфа бўлди. Университет мазкур рейтингда Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари орасида энг юқори натижани қайд этгани барчамизни қувонтирди.
27 йилдан буён шу университетда фаолият юритаман. Ана шу йиллар давомида унда амалга оширилган ишлар кўз ўнгимдан ўтмоқда. 2013 йил 28 июлда “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унга асосан Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университети этиб қайта ташкил этилди.
Сўнгги тўрт йилда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш сифатини такомиллаштириш, юридик таълим тизимига ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги пандемия шароитида мамлакатимизда “Электрон таълим” миллий тизимини шакллантириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Хусусан, университетда ўқув-педагогик жараёнига хорижий илғор инновацион таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва профессор-ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш, ўқитишнинг кредит-модуль тизими ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, олий таълим муассасалари талабалари, ўқитувчилари ва илм аҳли вакилларининг мустақил тадқиқотчилари билимларини жаҳон таълим ресурслари асосида кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ҳозир мамлакатимизда ҳар бир соҳани барқарор ривожлантириш, рақобатни кескин ошириш вазифаси қўйилган бўлиб, уни амалга оширишда фуқароларимиздан чуқур билим, ҳуқуқий маданият талаб этилади. Шу боис замонавий билим ва мукаммал малакага эга бўлган мутахассислар тайёрлаш учун миллий таълим тизимида кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда университетимиз профессор-ўқитувчилари масофадан туриб онлайн ва оффлайн тарзда видеодарс, аудиодарс, электрон китоб ва ўқув материаллари асосида таълим бермоқда. Таълим соҳасини рақамлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Пандемия шароитида масофадан ва онлайн ўқитиш ва оффлайн тартиби ўзини оқламоқда. Профессор-ўқитувчиларимизнинг масофадан ва оффлайн ўқитиш жараёни олий таълим муассасаси сайтига мунтазам жойлаштирилиб, назорат қилиб борилади.
Янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари туркумини тайёрлашда хорижий таълим муассасаларининг етакчи олим ва мутахассислари жалб этилмоқда. Университет таълим платформаси орқали олиб борилаётган ўқув жараёни онлайн дарслар учун барча имкониятларни яратиб бермоқда ва таълим сифатини оширмоқда. Ушбу платформада маърузалар ҳамда амалий машғулот ва семинарлар учун форум ташкил қилишда BigBlueButton имкониятларидан фойдаланилмоқда. Университетда ташкил қилинган кредит-модуль тизимининг асоси критерийси бўлган талабаларни мустақил таълим олиши учун барча манбалар платформага жойлаштирилган. Мустақил таълим жараёнида ўзлаштирилган билимларни платформа орқали автоматик равишда баҳолаш имконияти мавжуд. Платформага жойлаштирилган BigBlueButton тизими орқали дарсда қатнаша олмаган ёки дарсни ўзлаштира олмаган талаба профессор-ўқитувчилар маърузаларини қайта кўриш имкониятига эга бўлади. Форум воситасида онлайн мулоқат қилиш барча муаммоларни биргаликда ҳал этишга имкон беради.
Шунингдек, жаҳоннинг нуфузли таълим муассасалари томонидан яратилган электрон дарсликлар, ўқув қўлланмалар, махсус интерфаол дастурлар, видеоматериаллардан таълим олиш жараёнида масофадан туриб фойдаланиш имконияти яратилди.
Таълим олишда ҳудудий ва вақт тўсиқларини бартараф этиш, давлат бюджети маблағларини тежаш мақсадида хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчиларини масофавий таълим жараёнига кенг жалб этиш йўлга қўйилди. Университетда яратилаётган бундай янгилик, шароит ва имкониятлар Президент фармони самараси ҳамда натижасидир.
Бу йил ҳам мамлакатимиз мустақиллиги, ҳам Тошкент давлат юридик университетининг 30 йиллигини нишонлаш биз, ҳуқуқшуносларга, айниқса, юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА,
Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори
ЎзА