3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Юракдан юракка” номли инклюзив кўргазма очилди. Тадбирда имконияти чекланган шахслар, шунингдек, вилоятдаги махсус интернат муассасалари тарбияланувчилари томонидан яратилган ижодий ишлар намойиш этилмоқда.

Улар томонидан тайёрланган расмлар, қўлда ишланган буюмлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва декоратив санъат намуналари савдоси ҳам ташкил этилган. Кўргазма нафақат истеъдод эгалари учун ўз ижодини намоён этиш имконини беради, балки жамиятда инклюзивликни қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат ва эътибор руҳини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳам иштирок этиб, ёш истеъдод эгалари тайёрлаган ижод намуналаридан харид қилди. Асосий мақсад жамиятимизда “Инсон қадри учун” ғоя асосида ҳар бир инсоннинг юрагига кириб боришдир. Шундан сўнг хайрия акцияси эълон қилинди. Унда Тошкент вилояти божхоначилари ҳам мазкур хайрли савдоларда фаол иштирок этди.


– Биз ҳам ёшларнинг ижодий ишларидан харид қилиш орқали нафақат уларни қўллаб-қувватладик, балки ногиронлиги бўлган инсонларга бўлган ҳурмат ва эътиборимизни намоён этдик, – дейди Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходими Азиз Юнусов. – Тарбияланувчилар томонидан ишланган расмлар ва қўл меҳнати билан тайёрланган сувенирлар жуда таъсирли. Инклюзив жамиятни шакллантириш фақат давлат идоралари эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи. Ташкил этилаётган бу каби акция ва ташаббуслардан тушган маблағлар жойлардаги ногиронлиги бўлган фуқароларнинг соғлиғини тиклаш, ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби хайрли ишларга йўналтирилади.
А.Мусаев, А. Алижонов,(сурат) ЎзА.