Юрак – организм фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи бетакрор тизим
29 сентябрь – Бутунжаҳон юрак куни
Ҳар йили ушбу санада жаҳон миқёсида Бутунжаҳон юрак куни кенг нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад жамият эътиборини юрак-қон томир касалликларининг олдини олишга қаратиш, инсонларни соғлом турмуш тарзига амал қилишга чақириш ҳамда ўз саломатлигига бефарқ бўлмасликка ўргатишдир. Зеро, юрак бутун организм фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи бетакрор тизимдир.
Инсон юраги – муштдеккина, лекин ҳайратланарли даражада кучли мушакли орган. У қон айланиш маркази ҳисобланиб, тинимсиз равишда организмнинг ҳар бир ҳужайрасини кислород ва озуқа моддалари билан таъминлайди. Юрак бир суткада ўртача 100 минг мартадан ортиқ уради, тана бўйлаб тахминан 7-8 минг литр қонни ҳайдайди. У артериялар орқали тоза қонни аъзоларга етказса, веналар орқали углекислотага тўйинган қонни ўпкага қайтиб тозаланиш учун юборади. Сўнгги илмий тадқиқотлар юракнинг фақатгина механик насос эмаслигини, балки гормонлар ишлаб чиқариб, қон босими ва сув-туз мувозанатини бошқаришда ҳам қатнашишини кўрсатмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, юрак-қон томир касалликлари дунё бўйлаб энг кўп ўлим ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб бўлиб қолмоқда. Ҳар йили ер юзида 18 миллиондан ортиқ инсон юрак хасталиклари туфайли ҳаётдан кўз юмади. Энг ташвишланарлиси, сўнгги йилларда ушбу касалликлар сезиларли даражада «ёшариб» бормоқда. Юрак муаммолари ҳатто ёшлар ўртасида ҳам учраётгани мутахассисларни жиддий ўйлантирмоқда.
Тиббиёт амалиётида юрак-қон томир тизими билан боғлиқ бир қатор хавфли хасталиклар кўп учрайди. Жумладан, юрак мушакларини қон билан таъминловчи тож артерияларининг торайиши ёки тиқилиши оқибатида келиб чиқадиган ишемик юрак касаллиги ва стенокардия кўкрак қафасида кучли оғриқ ҳамда сиқилиш ҳиссини келтириб чиқаради. Тож артерияларининг тўлиқ ёпилиб қолиши натижасида юрак мушагининг бир қисми қонсиз қолиб нобуд бўлиши, миокард инфаркти эса шошилинч тиббий ёрдамни талаб қилувчи ўта хавфли ҳолатдир. Шунингдек, қон томир деворларига ҳаддан ташқари босим тушишидан келиб чиқадиган артериал гипертония инсульт ва инфарктнинг бош сабабчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, юрак ўз вазифасини тўлиқ бажара олмай, танани зарур миқдордаги қон билан таъминлай олиш қобилиятини йўқотиб бориши юрак етишмовчилигини, юракнинг жуда тез, жуда секин ёки нотекис уриши эса аритмияларни келтириб чиқаради.
– Бугунги кунда юрак-қон томир патологиялари нафақат кексалар, балки меҳнат ёшидаги аҳоли ўртасида ҳам кенг тарқалмоқда, – дейди кардиолог-шифокор Гўзал Алимова. – Асосий сабаб кундалик турмуш тарзимизнинг ўзгариб кетгани, сурункали стресс, камҳаракатлик ва нотўғри овқатланишдир. Кўпчилик юрак санчиши ёки оғриқларни вақтинчалик ҳолсизликка йўйиб, шифокорга кеч мурожаат қилади. Ҳолбуки, ўз вақтида бошланган оддий профилактика ва қон босимини назорат қилиш кўплаб оғир асоратларнинг олдини олар эди.
Шифокорнинг сўзларига кўра, юрак саломатлигига путур етказувчи асосий омиллар кўпинча кундалик одатларимиз билан боғлиқ. Нотўғри овқатланиш ва ортиқча вазн, яъни тез тайёрланадиган маҳсулотлар, ҳайвон ёғлари, ширинликлар ва тузни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш қондаги холестерин миқдорини ошириб, қон томирларининг тиқилишига олиб келади. Шунингдек, жисмоний фаолиятсизлик юрак мушакларининг бўшашишига, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари қон томирларини қисқартириб қон босимини оширишига, доимий стресс эса юрак ритмини бузиб, унинг фаолиятини оғирлаштиришга сабаб бўлади.
Сўнгги ўн йилликларда жаҳон кардиологиясида улкан ютуқларга эришилди. Замонавий тиббиёт имкониятлари туфайли илгари даволаб бўлмас деб ҳисобланган кўплаб юрак хасталиклари муваффақиятли бартараф этилмоқда. Жумладан, тож томирларини жарроҳлик йўлисиз, махсус стентлар орқали кенгайтириш ва қон айланишини тиклаш технологияси жуда кўп ҳаётларни сақлаб қолмоқда. Очиқ юрак операциялари ўрнини кичик кесмалар орқали бажариладиган минимал инвазив жарроҳлик амалиётлари эгаллаб, беморларнинг тез тикланишини таъминламоқда. Шу билан бирга, юрак ритмини бошқарувчи замонавий қурилмалар (кардиостимуляторлар) ҳамда холестерин ва қон босимини бир маромда ушлаб турувчи янги авлод препаратлари беморларнинг умрини сезиларли даражада узайтирмоқда.
– Шунга қарамай, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Аҳолининг тиббий маданияти тўлиқ шаклланмагани сабабли касалликларнинг жуда кеч босқичларида шифокорга мурожаат қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тиббиётнинг бошқа соҳалари қатори кардиология йўналиши ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, диагностика ва даволаш сифатини ошириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиаллари энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Илгари фақат пойтахтда ёки хорижда бажариладиган мураккаб юрак операциялари (коронарография, стентлаш, ҳатто очиқ юракдаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари) эндиликда вилоят ва туман марказидаги тиббиёт муассасаларида ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида эса аҳолини скрининг қилиш, гипертония ва қандли диабет хавфи юқори бўлган шахсларни эрта аниқлаш бўйича мақсадли ишлар йўлга қўйилди.
Шифокор тавсиясига кўра, юрак соғломлигини сақлаш ва уни асраб қолиш учун кунига камида 30 дақиқа пиёда юриш, югуриш ёки сузиш билан шуғулланиш муҳим ҳисобланади. Таомномага янги мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, ёғсиз гўшт ва балиқ маҳсулотларини кўпроқ киритиш, туз ва шакар истеъмолини чеклаш зарур. Шунингдек, мунтазам равишда тиббий кўриклардан ўтиб туриш, қон босими ва қанд миқдорини кузатиб бориш ҳамда стресс ҳолатларидан ҳимояланиш инсон саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга.
Моҳигул Қосимова, ЎзА