Юрак – инсон танасидаги энг муҳим орган
29 сентябрь – Бутунжаҳон юрак куни
Юрак тинимсиз ишлайдиган орган бўлиб, ҳаёт давомида бир сония ҳам тўхтамайди. Одатда юрак ҳар дақиқада 60 дан 100 мартагача уради. Бу эса бир кунда тахминан 100 минг марта, бир йилда эса 35 миллион мартадан ортиқ уради деганидир.
Ажабланарлиси шундаки, инсон юраги ўртача 70-100 йил мобайнида ишлайди ва умр давомида тахминан 2,5 миллиард марта уради. Юракнинг бу хусусияти уни инсон тана аъзолари орасида алоҳида ўринга қўяди.
Юрак ҳар ҳафта тахминан 10 минг литр қонни организм бўйлаб айлантиради. Бу организмнинг ҳар бир ҳужайрасига кислород ва озуқа етказишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қизиғи шундаки, юрак ўз фаолиятида миядан мустақил ишлай олади. Уни “иккинчи мия” деб ҳам аташади. Чунки юракда алоҳида нерв тизими мавжуд бўлиб, у ҳатто миядан ажралган ҳолатда ҳам ура олади.
Кўпчилик юракни чап томонда деб ўйлайди, аслида эса у кўкрак қафасининг марказига яқин, фақат озгина чап томонда жойлашган.
Биласизми, юракнинг яхши кўрадиган одатлари, маҳсулотлари бор. Буни тушуниш ва шу одатларга риоя қилиш эса ҳаёт сифатини ва узоқлигини таъминлайди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, юрак соғлом бўлиши учун муайян шартлар зарур. Уларни таъминлаш – инсон ҳаёти сифати ва узоқлигига катта таъсир кўрсатади.
Юрак соғлом овқатланишни, жисмоний фаолликни, тўғри ҳаёт тарзини севади. Юракка фойдали овқатлар: табиий, витаминларга бой мева ва сабзавотлар, бутун донли маҳсулотлар, ёғлар орасида эса омега-3. Қон томирларини тиклайдиган, холестеринни пасайтирувчи овқатлар юракнинг ишлашини яхшилайди.
Мунтазам жисмоний машқлар (кунига камида 30 дақиқа), юриш, спорт билан шуғулланиш юракни мустаҳкамлайди, қон айланишини яхшилайди, қон босимини мувозанатлаштиради ва стрессни камайтиради. Фаол ҳаёт тарзи кўплаб юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг самарали воситадир.
Соғлом вазнни сақлаш, етарлича уйқу, стрессни бошқариш ва ёқимли муҳитда яшаш юрак учун муҳимдир. Стресс даражасини камайтириш учун медитация, нафас олиш машқлари ва уйқу режимига эътибор қаратиш керак.
Қон босимини назорат қилиш учун овқатда туз ва қанд миқдорини камайтириш муҳим. Ортиқча туз қон томирларини қаттиқлаштиради ва қон босимини оширади, бу эса юрак ишлашини қийинлаштиради.
Дарвоқе, юрак нотўғри носоғлом овқатлардан, таками маҳсулотларидан, алкоголь ва бошқа зарарли одатлардан жуда қўрқади.
Сабаби, ёғли, тез тайёрланадиган, кўп туз ва шакар миқдори юқори овқатлар юрак-қон томир тизими учун катта зарар келтиради.
Тамаки маҳсулотлари қон томирларининг тортишишига, кислород етказиб беришининг бузилишига олиб келади, инфаркт ва инсульт хавфини сезиларли даражада оширади. Кўп миқдордаги алкогол истеъмоли юрак тўқималарига зарар келтиради, қон босимини оширади ва қон айланишини бузади.
Психологик босим ва узоқ муддатли стресс ҳам юракни чарчатади, бу қон босимини оширади ва юракнинг нормал ишлашини бузади. Ушбу омиллар касалликларнинг юзага келиши ва оғирлашишини тезлаштиради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, юрак-қон томир касалликлари бутун дунёдаги энг кўп ўлим сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар йили 17 миллиондан ортиқ инсон ушбу касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда. Бу кўрсаткичлар, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда юқори бўлиб, Ўзбекистон ҳам бу муаммодан мустасно эмас.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича бир қатор дастурлар қабул қилинган. Мунтазам тиббий кўриклар ва скрининглар ташкил этиш, мактаб ва университетларда соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш, оммавий спорт ва жисмоний фаолликни оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш шулар жумласидандир.
Тиббий хизматларни такомиллаштириш мақсадида юрак касалликларини даволаш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланган шифохоналар ва марказлар ташкил этилмоқда. Шифокорлар малакасини ошириш ва инновацион усулларни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилаётир.
Замонавий тиббиёт ютуқлари ва профилактика чоралари юрак касалликлари оқибатларини сезиларли даражада камайтираётгани ҳам бор гап. Аммо бу чоралар ҳар биримиз юрагимизга ғамхўрлик қилсак, соғлом овқатлансак, мунтазам ҳаракатда бўлсак ва стрессни камайтирсаккина самара беради. Шундай экан, юрагингизни асранг ва унга қулоқ тутинг.
Моҳигул Қосимова, ЎзА