Юқумли касалликларнинг олдини олиш муҳим
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг Ғузор туманида “Аҳоли ўртасида Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги тарқалишининг олдини олишда Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида амалий семинар ва кўргазмали махсус-тактик ўқув-машғулотлари бўлиб ўтди.
Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси ҳамда туман - шаҳар мутахассислари, тиббиёт бирлашмалари бош эпидемиологлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари масъул ходимлари, туман поликлиника мудирлари, ҳамширалар қатнашди.


Таъкидлаш лозимки, йирик ва майда шохли чорва молларида учрайдиган каналар ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вирусини сақловчи ва ташувчидир. Ушбу касаллик геморрагик иситма вируси билан зарарланган каналарнинг одамларни чақиши ва қўлларни кана ҳамда шу касаллик билан оғриган бемор қони билан ифлосланиши оқибатида юқади.

Ўқув-машғулотнинг назарий қисмида мутахассислар томонидан Қрим-конго геморрагик иситма касаллигининг келиб чиқиши, шифохонанинг кундалик фаолиятида бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланганда бартараф этиш йўллари, шунингдек, хасталикнинг эпидемиологияси, этиологияси, клиникаси, даволаш ва профилактикаси ҳақида маърузалар ўқилди. Ўқув-машғулот кузатувчилари саволларига жавоб берилди.

Машғулотнинг амалий қисмида эса ушбу касалликка гумон қилинган беморга биринчи ёрдам кўрсатиш, эпидемиологик ва эпизоотологик суриштирув ишларини ўтказиш, касаллик манбаи ва юқиш омилларини аниқлаш ҳамда якунловчи дезинфекция ишлари олиб бориш бўйича машғулотлар ўтказилди.


Тумандаги қишлоқлардан бирида аниқланган хонадонда зарур эпидемияга қарши санитария-ветеринария тадбирлари ташкил этилди, аҳоли хонадонларида тарғибот ишлари ўтказилди.
Маълумот ўрнида, бу каби кўргазмали тадбирлар 5 мартдан 18 мартга қадар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиши мўлжалланган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири