Юқумли касалликлар профилактикасига бағишланган тренинг
Қарши шаҳрида “Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ва жамоат саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларида оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбир Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилиб, унда Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган журналистлар, матбуот котиблари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади аҳоли ўртасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ОАВнинг ўрнини янада кучайтириш, журналистларни тиббий мавзуларни холис, аниқ ва масъулиятли ёритиш бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида соҳа мутахассислари томонидан тиббий маълумотларни аҳолига содда ва тушунарли шаклда етказиш, жамоатчилик билан самарали мулоқот ўрнатиш, саломатликка оид долзарб мавзуларни кенг ёритиш борасида амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, нотўғри ва тасдиқланмаган ахборотлар тарқалишининг олдини олиш, ишончли манбалар билан ишлаш, рақамли платформаларда тиббий ахборот тарқатиш маданияти каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
– Семинар давомида аҳоли билан тўғри ва самарали мулоқот қилиш, тиббий маълумотларни содда ва тушунарли тарзда етказиш бўйича муҳим билимларга эга бўлдик, – дейди журналист Абдураззоқ Муродов. – Айниқса, тиббий ахборотни масъулият билан ёритиш, фақат ишончли манбаларга таяниш ва ёлғон хабарлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар журналистлар учун жуда фойдали бўлди.
Икки кун давом этган семинар доирасида “Юқумли касалликлар эпидемиологияси”, “Пандемияларга тайёргарлик: илмий ёндашувлар ва амалий ечимлар”, “Жамоат саломатлигини таъминлашда профилактиканинг аҳамияти” каби мавзуларда тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчилар мутахассислар билан очиқ мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Таъкидланганидек, бу каби ўқув-тренинглар оммавий ахборот воситалари вакилларининг тиббий мавзуларни чуқур англашига хизмат қилиб, аҳолини ишончли ва сифатли ахборот билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш ва жамоат саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
[gallery-30296]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари