Юқумли касалликлар профилактикаси эътиборда
Наманганда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олишга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбир иштирокчиларига вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси, вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхис маркази ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази мутахасислари томонидан қутуриш, куйдирги, бруцеллёз ва Қрим-Конго геморрагик иситма каби юқумли касалликлар профилактикаси ҳамда овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича атрофлича маълумотлар берилди.
Анжуманда, шунингдек, фавқулодда вазиятлар тизимида ўтган йили амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш борасидаги вазият танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Шунингдек, 2026 йилги устувор вазифалар, ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда тарғибот ишларини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Юқумли касалликлар назологик бирликлари, уларнинг этиологияси, эпидемиологияси, клиникаси, қиёсий ташхиси, даволаш усуллари ва профилактикаси”, “Юқумли касалликларнинг ҳайвонлар ўртасида тарқалишининг ўзига хос хусусиятлари ва табиий учоқлари” мавзуларида маърузаларда қатнашчилар ўзлари учун зарурий тушунчаларга эга бўлишди.
Очиқ ва конструктив руҳда кечган тадбир давомида журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА