ЮНЕСКО тарихида илк бор ўзбекистонлик ўқитувчи дунё педагоглари номидан сўзга чиқди
Жорий йилнинг 8–11 сентябрь кунлари Франциянинг Париж шаҳрида “Сунъий интеллект даврида таълим: Фактлар, муаммолар, янги уфқлар” мавзусида ЮНЕСКОнинг Рақамли таълим ҳафталиги — 2026 бўлиб ўтди.
Унда турли мамлакатлардан педагоглар, экспертлар ва таълим соҳаси вакиллари, жумладан, “ISHONCH — Vision 2030” лойиҳаси менторлари ҳам иштирок этди. Ўзбекистонлик педагог Дурдона Бойназарова ЮНЕСКОнинг Рақамли таълим ҳафталиги — 2026 доирасида таълим вазирлари ва халқаро экспертлар билан бир қаторда панель сессиясида иштирок этиб, дунё устозлари номидан сўзга чиқди. Бу — ўзбекистонлик педагогнинг шахсий ютуғи бўлиш билан бирга, мамлакатимиз ўқитувчилари салоҳиятининг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини ҳам кўрсатади.
Тадбир доирасида сунъий интеллектнинг таълимдаги ўрни, рақамли технологияларни жорий этиш, ўқитувчининг ўзгараётган таълим жараёнидаги роли ҳамда келгуси устувор вазифалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам халқаро майдонда мамлакатимиз таълим тизимидаги янгиланишлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, таълимдаги янги тенденциялар, рақамли технологиялардан фойдаланиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва сунъий интеллектдан таълим жараёнида фойдаланиш бўйича тажрибалар тақдим этилди. Бироқ тадбирнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири — ўқитувчининг халқаро таълим сиёсати муҳокамасидаги иштироки бўлди.
ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида 15 йилдан буён ўтказиб келинаётган Рақамли таълим ҳафталиги тарихида илк бор мактаб ўқитувчилари таълим вазирлари билан тенг мақомда панель сессияларида иштирок этди. Бу нафақат тадбир форматидаги янгилик, балки таълим сиёсатида ўқитувчи овозининг аҳамияти ортиб бораётганидан далолатдир. Зеро, сунъий интеллект, рақамли платформалар ва янги технологиялар таълимнинг келажагини белгилаётган бир пайтда уларни бевосита дарс жараёнида қўллаётган ўқитувчининг фикри ва тажрибаси алоҳида аҳамият касб этади.
Дурдона Бойназарова таълимда сунъий интеллектдан фойдаланиш, бу соҳада самарали сиёсат ишлаб чиқишда ўқитувчиларнинг ўрни ва қарор қабул қилиш жараёнида педагоглар овозини инобатга олиш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.
Шунингдек, тадбирда ўзбекистонлик мутахассислар Беҳруз Рўзиев ва Севара Шамсиевалар ҳам ўз тақдимотлари билан иштирок этди. Уларнинг иштироки Ўзбекистонда таълим ва рақамлаштириш соҳасида тўпланаётган тажрибани халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш имконини берди.
Бугун сунъий интеллект таълим олдига янги саволларни қўймоқда: ўқитувчининг роли қандай ўзгаради, технология ва инсон салоҳияти ўртасидаги мувозанат қандай таъминланади, таълим сиёсатида кимнинг овози ҳал қилувчи бўлиши керак?
Париждаги муҳокамалар шуни кўрсатдики, бу саволларга жавоб излашда ўқитувчининг ўрни ҳеч қачон иккинчи даражага тушмайди. Аксинча, технология қанчалик ривожланмасин, уни таълим мақсадларига тўғри йўналтирадиган, боланинг қобилиятини англайдиган ва билим бериш жараёнини инсонпарварлик асосида ташкил этадиган асосий шахс ўқитувчидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА