ЮНЕСКО экспертлари Бухородаги ёдгорликлар ҳолатини ўрганди
ЮНЕСКОнинг Ёдгорлик ва диққатга сазовор жойлар бўйича халқаро кенгаши (ИКОМОС) эксперти Наталья Турекулова бошчилигидаги хорижий делегация вакиллари ''Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум коридори'' йўналиши бўйича Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилишга номзод бўлган Бухоро вилоятидаги бир қатор маданий мерос ва археология ёдгорликларининг ҳолатини ўрганди.
Халқаро экспертга Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти директори Дмитрий Воякин, Илмий-эксперт Кенгаши аъзоси Мавлуда Юсупова, Маданий мерос агентлиги вакили Алибек Расулов ҳамда вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассислари ҳамроҳлик қилди.
– Экспертлар вилоятдаги Вардонзе, Варахша, Пойкент археология ёдгорликлари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб хазираси ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд ва Чор Бакр мажмуаларини ўрганди, – дейди Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов. –Иш жараёнлари давомида экспертлар томонидан объектлар ҳолатини яхшилаш ва уларга сайёҳларни кенг жалб қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Вилоятда маданий мерос объектларини асраш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар, маданий мерос объектларининг ҳолати, кучайтирилган мораторий ишларининг олиб борилиши ва келажакдаги режалар юзасидан фикр алмашилди.
Халқаро экспертлар Бухородаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолаган ҳолда, келажакда вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича маълумот берди.


Зариф Комилов, ЎзА