“Юксалиш” ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватловчи жамоатчилик гуруҳи аъзолари, ННТлар раҳбарлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда “Ҳудудий бўлинма томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар, ҳудудий дастурнинг вилоятдаги ижроси таҳлили ва келгуси режалар” ҳақида бўлинма раҳбари А.Жалиловнинг ахбороти тингланди.
Таъкидланганидек, Навоий вилояти ҳудудий бўлинмасига 2000 дан ортиқ аъзолар қабул қилинди. Шунингдек, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ижроси юзасидан 15 маротаба жамоатчилик муҳокамаси, 20 дан ортиқ мониторинг, 10 дан ортиқ эшитувлар ҳамда аҳоли муаммоларига оид 12 маротаба тадқиқот ва сўровлар ўтказилди. Ҳудудий бўлинма томонидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессияларига 4 та масалалар киритилди.
– “Юксалиш” ғояси асосида вилоятнинг 14 та маҳалласида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг молиявий кўмаги билан қуёш панелли кўча чироқлари ўрнатиш бошланди, – дейди А.Жалилов. – Шу билан бирга Ҳаракат томонидан 10 га яқин турли акциялар ташкил этилди. Жумладан, “Биз донормиз” акциясида Фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Ички ишлар, Ёнғин хавфсизлиги, ҳарбий қисмларида хизмат қилаётган аскарлар ҳамда бошқа ташкилот ва корхоналарда ишловчи, маҳаллаларда яшовчи кўнгиллилар фаол қатнашди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса 300 дан зиёд манзарали ва мевали дарахт экилди.
Тадбир сўнггида Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокамаси кенг омма эътиборига ҳавола этилгани, бунда ННТлар ва вилоят аҳолиси фаол бўлиб, ўз таклифларини билдириши лозимлиги таъкидланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири