Юксак унвон сурхондарёлик бахшини янги марралар сари ундади
Президентимизнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси, бахши Маҳаммад Эшбоев “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони билан тақдирланди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида М.Эшбоевга давлатимизнинг юксак мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, маданият вакиллари, нуронийлар, адиблар ва санъаткорлар иштирок этган маросимда вилоят ҳокими У.Қосимов кейинги йилларда мамлакатимизда соҳага қаратилаётган юксак эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди.

Шу жумладан, халқимиз асрлар давомида сайқал бериб, қалб қўрида асраб келган бахшичилик санъати ҳам янги босқичда ривожланиб, ҳар йили кўплаб янги овозлар кашф этилаётганини таъкидлади. Устоз бахшилар ижоди муносиб рағбатлантирилиб, жойлардаги таълим муассасаларида ёш авлодга бахшичилик санъатини ўргатиш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар тўғрисида фикр алмашди. Эл суйган бахшига юксак унвонни тантанали топширди. Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган бахши ҳаётини Сурхон воҳаси билан боғлади. Бахшичилик санъатига қизиқиш уни устоз бахшилар даврасига чорлади.
Қизириқ туманидаги Гулобод маҳалласида яшайдиган М. Эшбоев ўн беш йил хўжаликда ишчи бўлди. Бироқ, далада меҳнат қилиш оғир экан, дея дўмбирани қўлидан ташламади. Достонларни ёд олди. Термалар куйлади. Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ва бошқа устозлардан соҳанинг сир-асрорларини чуқур ўрганди. Бир муддат туман халқ таълими бўлимига қарашли болалар ва ўсмирлар уюшмасининг бахшичилик тўгарагини бошқарди. Икки йил туман марказий маданият уйида режиссёрлик қилди.

Кейинги икки йил “Қўнғирот” фольклор-этнографик халқ дастаси бадиий раҳбари бўлиб ишлади. 2018 йил Термиз санъат коллежини халқ ижодиёти йўналишида сиртдан тугатиб, Термиз шаҳридаги 22-болалар мусиқа, саньат ва бахшичилик мактабида тўрт йил ўқитувчилик касбини эъзозлади. Халқ ижодиёти дурдоналарига меҳр қўйган болажонларга сабоқ берди. Уч йил Қизириқ туманидаги “Бўстон” маданият марказида тўгарак раҳбари бўлиб, меҳнат қилди.
Икки йилдан буён Жарқўрғон туманидаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида ёш авлодга бахшичилик йўналишида дарс бермоқда. Бахшичилик санъатимизни дунёга кенг тараннум этиб, ёш авлод қалбига миллий қадриятларимиз ва азалий анъаналаримизга ҳурмат, юртга садоқат каби фазилатларни чуқур сингдиришдаги хизматлари учун 2019 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Ўша йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” доирасида ўтказилган “Бахши-шоирлар” кўрик-танловида фахрли иккинчи ўринни эгаллади. - Бахшичилик ўтмишдаги аждодларимиз овози,- дейди “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” Маҳаммад Эшбоев. Достон ва термалар уларнинг қаҳрамонона ҳаёти, турмуш ташвишлари ва садоқат каби ҳислатларини бизгача етказиб келган муҳим манба саналади.
Президентимиз бу соҳага алоҳида эътибор қаратиб, фарзандларимизнинг ноёб касбни эгаллаши учун барча шароитларни яратди. Жумладан, биргина Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби, туманлардаги мусиқа ва санъат мактаблари қошида бахшичилик бўлимлари ташкил этилди. Етти йилдан буён мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” асрлар давомида халқимиз қалбида яшаб келган бу санъатимизни жаҳонга кенг тараннум этишда муҳим омил бўлмоқда.
Менинг ҳам соҳадаги камтарона изланишларим юқори баҳоланиб, фахрий унвонга сазовор бўлганимдан бошим кўкка етди. Ноёб истеъдодини 27 йилдан буён катта-кичик давраларда намойиш этиб, элимиз қалбидан жой олган бахши “Авазхон”, “Алпомиш”, “Ойпарча”, “Малла савдогар”, “Таркистон”, “Хондали”, “Кунтуғмиш” сингари достонларни ширали овоз билан баралла куйламоқда. Ўттиздан ортиқ халқ термаларини ёд олиш баробарида ўзи ҳам турли мавзуларда термалар яратмоқда. Шу йилларда таниқли бахши кўплаб иқтидорли шогирдлар тайёрлади.
Ҳимматали Эшбоев, Ҳусан Эгамшукуров, Тўйчи Болтаев, Чоршанби Жумаев, Бекзод Ҳамидов, Анвар Эргашев, Азизбек Отамуродов, Азамат Отамуродов, Бобур Сафаров каби ёш бахшилар дўмбира чертиш, достон куйлаш ва нафис термалар ижод қилишни М.Эшбоевдан ўрганди. Ўтган йилларда етук бахши кўплаб халқаро ва мамлакат фестиваллари, кўрик-танлов ва бошқа тадбирларда фахрли ўринларни эгаллади.
Диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Маҳаммад Эшбоев сўнгги ўн йилда “Авазхоннинг ота юртига бориб келиши”, “Устозлар”, “Устозлар изидан”, “Оққан дарё оқаверади”, “Ойпарча” номли достон ва термалар китобларини нашрдан чиқарди. Ҳозир “Алланазар Олчинбек”, “Юсуф ва Аҳмад”, “Олтин қобоқ”, “Сулувхон”, “Болхувон”, “Малика айёр”, “Интизор”, “Хуш келди”, “Ойчинор”, “Жархун мастон”, “Фарҳод ва Ширин”, “Ширин ва шакар” достонларини ўрганиб, “Таркистон”, “Нурали ва беш юз мулла бачча” достонларини китоб ҳолида чоп эттиришни режалаштирмоқда.
Узоқ йиллардан буён ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириб, миллий маънавиятимизни бойитишга, асрий анъаналаримиз, бой меросимизни асраб-авайлаш ва Янги Ўзбекистонни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишдаги самарали хизматлари учун юксак унвон билан тақдирланган халқ бахшиси бу борадаги ишлари кўламини оширишга аҳд қилди.
Ёш авлоднинг миллий санъатимизга қизиқишини янада ошириб, иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни она юртга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги изланишларини янада кенгайтиришга бел боғлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА