Юксак ишончга муносиб бўламиз
Муносабат
Президентимиз шу йилнинг 30 июнь санасида «Ёшлар куни» муносабати билан биз, ёшлар билан яна бир бор учрашди.
Ушбу учрашув Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ёш учун янги куч, ғайрат ва шижоат берган учрашув бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Унутилмас мулоқот давомида давлатимиз раҳбари ёшларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат бошқаруви соҳасига жалб этишни таъминлашда Парламентлараро иттифоқ кўмагида «Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз» эзгу ташаббусини амалга ошириш, ушбу тизим асосида етук ва фаол ёш йигит-қизларни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига кенгроқ жалб этиш кўзланганлигини қайд этди.
Шу билан бирга, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли ва фидойи ўғил-қизларни бундан буён Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларига бириктириш масаласи кун тартибига киритилди.
Эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатидаги каби, маҳаллий Кенгашларда ҳам Ёшлар парламенти тизими жорий этилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бу эса ўз навбатида, Республикамизнинг барча вилоят, шаҳар ва туманларидаги жонкуяр, юрт тақдирини ўз тақдири билан узвий боғлаган ёшларнинг ўз имкониятларини намоён қилиши, соҳа бўйича муаммоларининг яна ҳам тизимли тарзда ўрганилиши, ҳал қилинишида ижобий самара беришининг кафолати ҳисобланади.
Шунингдек, мамлакатимиз иқтидорли ёшлари орасидан янги авлод захира кадрлари – «Келажак лидерлари»ни шакллантириш айтиб ўтилгани ҳам ёшлар учун берилган юксак ишонч ва катта ҳаётга қадам қўйишда имкониятдир.
Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида ёшларга қарата «Сизлар том маънода юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкорисиз», дея таъкидлагани ҳам биз учун жуда катта масъулият юклайди. Янада фаол ва шижоатли бўлиб, юртимиз келажаги ва миллатимиз эртаси учун бор имкониятимизни сафарбар этишга чорлайди.
Биз, ёшлар албатта, юртбошимизнинг билдирган юксак ишончини оқлаймиз!
Рамзиддин Турсунов,
Наманган Давлат университетининг Ёшлар Кенгаши аъзоси.
ЎзА