Ҳуқуқий муносабат
Йўл-патруль хизмати ходимларининг тўсатдан тўхташга шаъма қилган ҳаракатини кўриб, қайси қоидани бузган эканман, дея ўйлаймиз.
Хўш, улар асосан қайси ҳолатларда автомобилни тўхтатиш ҳуқуқига эга?
Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Жавоҳир Эшонқулов қуйидагича тушунтириш берди:
– ЙПХ ходими томонидан транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра, тўхтатилиши мумкин. Жумладан, ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда, транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, йўл транспорт ҳодисаси ёки бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадор эканлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда тўхтатиши мумкин.
Йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳодиса тафсилотига ойдинлик киритиш зарурати юзага келганда ёки ваколатли давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича кўрсатмаларини бажариш жараёнида ҳам транспорт воситаси тўхталиши мумкин.
Транспорт воситасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш зарурати юзага келганда, жумладан, чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари бундан мустасно.
Шунингдек, махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, транспорт воситаси ва олиб кетилаётган юкларга оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш учун махсус ва ҳарбий юклар, божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, божхона хизмат томонидан пломбаланган юклар ҳам бундан мустасно.
ЙПХ ходими томонидан бошқа асосларга кўра транспорт воситаларининг тўхтатилиши тақиқланади.
Асос: Йўл-патрул хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомининг 6-банди.
Гулноза Бобоева, ЎзА