Ёзёвон янгитдан тоифаланишга тайёр
Ёзёвон Марказий Фарғонанинг юраги, ўтган асрнинг ўрталарида қум-барханлар ўрнида ўзлаштирилиб ташкил этилган тумандир. Бугун Ёзёвонда 117 минг нафар аҳоли яшайди. Сўнгги йилларда унинг маркази, қишлоқлари обод бўлди, кўплаб хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилди. Пахтачилик, ғаллачиликда ҳосилдорлик кўтарилди. Аммо туман узоқ йиллардан буён ўз харажатларини ўзи қоплай олмайди, яъни субсидияда. 2022 йилги тоифаланишда эса Ёзёвон иқтисодий кўрсаткичлари заиф бўлган 5 тоифага киритилди. Бунинг асосий сабаблари бор эди, албатта.
–Саноат корхоналарининг камлиги, саноат маҳсулотлари ҳажми вилоят кўрсаткичидаги улушимиз пастлиги, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ҳажмидаги қолоқлик. Қолаверса ишсизлик даражасининг юқорилиги 5 тоифага киритилишига сабаб бўлди, - дейди туман ҳокими ўринбосари Фарходжон Маматқулов.

Албатта, давлат бу тоифа туманлар, унинг аҳолиси иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун аввало солиқ имтиёзи, проференциялар берди. Бугун ёзёвонлик ишлаб чиқарувчи рамзий миқдорда, яъни 1 фоизгина солиқ тўлайди. Ёзёвон халқи ориятли. Улар туман раҳбарияти атрофида жипслашиб вазиятни ўнглаш, Ёзёвон нуфузини муносиб ўринларга олиб чиқишга астойдил киришдилар.
Мана, қисқа вақт ичида эришилган натижалардан айрим мисоллар. Ёзёвон тумани тарихида ҳеч қачон пахтани қайта ишлаш заводи бўлмаган. Етиштирилган пахта қўшни туман заводларига юборилган. Табиийки, саноат корхонаси солиқ тушуми ҳам ўша ерда қолган. 2022 йил охирида кластер алмаштирилди-ю, жуда қисқа вақт ичида тўрт йўналишни қамраб оладиган янги завод қурилди.

–Пахтани қайта ишлаш заводининг биринчи босқичи ишга тушди. Унга 20 млн доллар сарфланиб, 800 та ишчи ўрни яратдик, - дейди “Posco international” кластери менеджери Абдухалим Раҳмонов. –Иккинчи лойиҳада ёғ-мой корхонаси, кейин сунъий тола ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Барча лойиҳалар 2022-2023 йилда амалга оширилди. Келажакда аралаш толалардан мато тўқиш корхонаси қурамиз.

Ёзёвонликлар ишга, янгиликка чанқоқ. Туркиялик инвестор Эрхон Тохтали билан бўлган биринчи суҳбатдаёқ кўпдан буён бўш турган бинолардан бирини унга ижарага беришди. Лабз кучи ишини кўрсатди. Эрхон Тохтали Ёзёвондаги биринчи тикувчилик корхонасини очди. Бу ерда тикилган спорт ва ички кийимлар турк ширкатлари орқали дарҳол хориж бозорига киритилди.

–Ёзёвонда бу корхонани очганимизга икки ой бўлди. 180 ишчи ўрни яратдик. Маҳсулотларимизни Исроил, Россия, Қирғизистонга экспорт қиляпмиз. Эндиги мақсадимиз – Ёзёвонда трикотаж мато тўқиш корхонасини очишдир, - дейди Эрхон Тохтали.
Туман раҳбарияти замонавий кўпқаватли тикувчилик ва тўқув корхонаси қуриш учун ер майдони танлаб уни белгиланган тартибда савдога қўйди. Энди “Лаванта текст”нинг ўз бинолари қурилади.

Ҳар ерни машхур қилувчи ўзига хос томони бўлади. Ёзёвон энг қисқа вақт ичида балиқчиликда ном чиқарди.
Туманда 64 та балиқчилик фермер хўжаликлари ташкил этилди. Балиқ кўллари майдони 1870 гектарга етди. “Катта тош балиқлари” фермер хўжалиги уларнинг бири. Ҳикматилло ота Имомов нафақага чиққач ўғли Файзуллони ёнига олиб Ёзёвон чўлларини обод қилишга киришди.
–Дастлаб бу ер қум бархан эди. Ҳозиргача 70 гектар ўзлаштириб кўл қилдик ва балиқ боқяпмиз, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Файзулло Имомов. –2022 йилда 200 тонна балиқ топширдик. Сазан, Илонбоши, Лаққа, Амур каби балиқлар бор. 2023 йилда яна 20 гектар ўзлаштирилиб кўлимизни кенгайтирдик.

Интенсив усул балиқчиликда аввало етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини кескин оширди. Бу йил биргина шу фермер хўжалиги 300 тонна балиқни эл дастурхонига тортиқ қилиш ниятида.
Ёзёвоннинг яна бир ҳусусияти бор эди. Туман ҳудудидан Андижон – Тошкент А-73 халқаро авто йўл ўтади. Аслида бу хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантириш учун катта имконият эди. Аммо бунга етарлича эътибор берилмаган. Сўнгги бир йилда бу соҳа кўрсаткичлари уч баробарга ошди. Йўл бўйида савдо шаҳобчалари очилди. Довондаги машхур “ёғли патир” чилар жалб этилди. Ёнилғи қуйиш жойлари, овқатланиш мажмуалари ташкил этилди. Ҳар қандай мижоз талабига жавоб берадиган “Абу Даби” каби ошхоналар фаолиятини бошлади. Яна ўнлаб хизмат кўрсатиш марказлари қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Келинг, туманни энг қуйи тоифадан олиб чиқиш ҳаракати натижаларини бир таққослайлик 2022 йилда Ёзёвонда 246 та саноат йўналишидаги корхоналар бўлган бўлса, бу йилнинг 6 ойида улар сони 350 тага етди.

2021 йилда туманга бор-йўғи 5 миллион доллар хорижий инвестиция киритилган бўлса, 2023 йилда у 52 миллион долларга етади.
2023 йилда жами қиймати 1,5 триллион сўм бўлган 299 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада 3480 та янги иш ўрни яратилади.
Агар 2022 йилда 5 млн долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинган бўлса, 2023 йилда у тўрт баробар кўпайиб, 21 млн долларга етади. Бу рақамлар Ёзёвонда ишлаб чиқариш ҳажмидаги ўсишни яққол намойиш этмоқда.
–2022 йилда 195 млрд сўмлик саноат махсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, бу йилнинг 6 ойидаёқ 200 млрд сўмликка етди, - дейди Фарҳоджон Маматқулов.
Йил якунига қадар эса 590 млрд сўмликка етказиш кутилмоқда ва бу 5-тоифадан 4-тоифага ўтишга асос бўлади.
Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Яна бир гапни айтмасак бўлмас. Ислоҳотлар энг аввало ёзёвонликлар турмуш даражасида ўз аксини кўрсатяпти. “Янги Ўзбекистон” массивидаги янги уй жойлар сотила бошланди.
–Ёзёвондаги ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига одамлар бойиб боряпти. 104 та хонадон 2023 йил охиригача қуриб битирилиши керак. Лекин ҳозиргача 50 та уйнинг эгалари бор, дейди туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Дилмурод Бекмирзаев.
Бугун Ёзёвондаги ўзгаришларнинг бевосита ижрочи ва иштирокчилари бир сўзни такрорламоқдалар: “Бўлар эканку!”
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/EcWVAQjimjI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасврчи: Элёр Олимов.