Ёзувдаги ягона меъёр – тил тараққиётининг муҳим шарти
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад – ёзувда қулайликни таъминлаш, ҳарфларнинг ифодаланишини аниқлаштириш ва ягона имло меъёрларини шакллантиришдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонуннинг қабул қилиниши она тилимизнинг ёзув маданиятини ривожлантириш, имло қоидаларини такомиллаштириш ва ягона ёзув меъёрларини шакллантириш йўлидаги муҳим масалалардан бири сифатида қаралмоқда.
Ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти, аввало, ўзбек тилининг миллий хусусиятларини ёзувда тўғри ифодалаш, алифбодан фойдаланишдаги қулайликни ошириш ҳамда таълим, илм-фан, расмий иш юритиш ва рақамли ахборот алмашинувида ягона ёндашувни таъминлаш каби вазифалар билан боғлиқдир.
Маънавий бойлигимиз бўлган тилимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келажак авлодга муносиб тарзда етказиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Шу боис ўзбек тилининг ёзув тизимини такомиллаштириш, алифбодаги мавжуд муаммоларга ечим топиш нафақат тилшунослар, балки бутун жамият учун муҳим масала бўлиб келди.

Янгиланган алифбода айрим ҳарфларнинг ёзилишини такомиллаштириш орқали ўзбек тилига хос товушларни ифодалашда қулайлик яратишга эътибор қаратилган. Бу масала, айниқса, таълим жараёнида, дарсликлар тайёрлашда, китоб нашрида, расмий ҳужжатлар юритишда ва рақамли технологиялардан фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.
Алифбодаги ҳарфларнинг аниқ ва ўзига хос шаклда қўлланилиши ёзувда турлича талқинлар юзага келишининг олдини олишга, матнларни тўғри ўқиш ва тушунишга ёрдам беради. Зеро, ёзувдаги изчиллик саводхонликни ошириш, ахборот алмашинувини енгиллаштириш ва она тилимизнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш учун зарур шартлардан биридир.
Албатта, алифбодаги ўзгаришларни амалиётга татбиқ этиш муайян вақт ва изчил ёндашувни талаб этади. Амалдаги ҳужжатлар, дарсликлар ва бошқа материалларни белгиланган тартибда, босқичма-босқич янгилаб бориш таълим муассасалари, нашриётлар, ташкилотлар ва фуқаролар учун мослашиш жараёнини енгиллаштиради.
Энг муҳими, алифбони такомиллаштириш жараёнида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, ўқитувчилар ва тил мутахассисларига зарур методик ёрдам кўрсатиш, ягона имло қоидаларини кенг тарғиб қилиш лозим. Шунда янгиланишлар ҳаётга изчил татбиқ этилиб, ёзувдаги чалкашликларни бартараф этишга эришилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, кўп йиллардан буён жамоатчилик, зиёлилар ва мутахассислар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келган ўзбек алифбоси масаласига ечим топилди. Энди асосий вазифа – қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаш, уларда белгиланган талабларни амалиётга тўғри татбиқ этиш, она тилимизнинг нуфузини юксалтириш ва ёзув маданиятини янада ривожлантиришдан иборат. Зеро, мукаммал алифбо ва ягона имло меъёрлари саводхонлик, маънавий тараққиёт ҳамда миллий ўзлигимиз равнақининг муҳим асосларидандир.
Исроилжон Жўраев,
“Адолат” социал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши раиси
ЎзА