Ёзнинг жазирама кунлари ортда қолади олдинда...
Газ таъминоти корхонаси томонидан аввал аҳоли истеъмолчилари, сўнгра эса ишлаб чиқариш корхоналарини табиий газ билан таъминлаш мақсадида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал суратларда давом этмоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятининг Жондор туманида ҳам бу борада амалий жараёнлар йўлга қўйилган бўлиб, эски газ қурилмалари янгисига алмаштирилиб, газ қувурларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
– Таъкидлаш лозим, туманда 20 мингдан ортиқ истеъмолчи табиий газ билан таъминланади. Ўтган мавсум давомида табиий газ билан боғлиқ юзага келган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида амалий ишлар янада кучайтирилди. Туманнинг Истиқлол маҳалласи Пасана қишлоғида диаметри 89 ммли газ қувурининг 1 километр 700 метри қайта реконструкция қилиниб, ер устига чиқарилди. Асосий мақсад табиий газни тежаш ҳамда турли йўқотишларнинг олдини олиш экан, энди ҳудудда истиқомат қилувчи 230 та аҳоли истеъмолчиларининг бу билан боғлиқ муаммолари ҳал этиладиган бўлди, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Акмал Насретдинов.
Олот тумани вилоят марказидан қарийб 80 километр олисда жойлашган бўлиб, олти мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиси яшайди. Уларга куз-қиш даврида табиий газни муаммосиз етказиб бериш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш лозим, олис ҳудуд истеъмолчиларининг табиий газ таъминоти уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказилган.
Бугунга қадар 1 километрдан ортиқ газ қувурида амалий ишлар бажарилди, 5 дона газ қурилмалари мукаммал таъмирланди, 16 километрдан ортиқ газ қувурлари ҳаво босими ёрдамида тозаланди, 24 километр газ қувурлари эса бўёқланди.
Бу каби жараёнлар вилоятнинг барча маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.