Ёзма манбаларда Турон ҳарб иши тарихи (+видео)
Ўзбек давлатчилиги тарихида ҳарб иши энг асосий йўналишлардан бири бўлиб, у фақат жанг қилиш санъати эмас, балки сиёсий ҳокимиятни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, марказлашган салтанатларни барпо этиш, чегараларни ҳимоя қилиш орқали хавфсизликни таъминлаш, савдо йўллари назорати ва карвонларни ҳимоя қилиш, қўриқлаш натижасида иқтисодий барқарорликни ўрнатиш, ижтимоий тузилмани шакллантириш ва тинчлик-осойишталикни таъминлашда ҳал қилувчи омил бўлган.
Ўзбек ҳарб иши тарихи чуқур илдизларга эга бўлиб, уни ҳар томонлама ўрганиш барча турдаги манбаларни илмий муомалага кенг жалб этишни талаб қилади. Хусусан, археология ашёлари, халқ оғзаки ижоди намуналари, элшунослик маълумотлари билан бир қаторда туркий, суғд, хитой, араб, форс, сурёний, озарбайжон, арман, юнон, лотин, рус ва бошқа тилларда битилган ёзма манбалар мазкур соҳани тадқиқ этишда муҳим илмий негиз бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги йилларда ФА Тарих институтида ўзбек давлатчилиги тарихи, жумладан, ҳарб ишини манбалар асосида чуқур ва изчил ўрганиш устувор йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда. ФА Тарих институтида бўлиб ўтган “Ёзма манбаларда Турон ҳарб иши тарихи” иккинчи эллараро илмий йиғини ҳам худди шу масалалар юзасидан қўлга киритилган сўнгги илмий натижалар тақдимотига бағишланди.
Илмий йиғинда миллий давлатчилигимиз тарихида ҳарб ишининг аҳамияти ва ҳарб санъатини чуқур ўрганишда ёзма манбаларнинг зарурати, тарихимизни бирламчи манбалар асосида ўрганишда бугунги кунда Президентимиз томонидан барча шароитлар яратилганлиги, бу имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги, айниқса ёш манбашуносларни тайёрлаш асосий вазифа бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Йиғин якунидаги савол-жавоблар ва муҳокамалар қизғин тарзда ўтди. Тадбирда кўтарилган масалалар миллий ҳарб иши тарихидаги бўшлиқларни тўлдиришда ёзма манбаларни танқидий ўрганиш ва эллараро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини яққол кўрсатди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cGmJd6cc9PM" title="Yozma manbalarda Turon harb ishi tarixi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА