Ёз –2024: таътил мароқли ўтади
Болажонлар ёз фаслини орзиқиб кутади. Кимдир оромгоҳда дам олишга, яна кимдир қишлоқдаги қариндошиникига отланади. Қишлоқдаги болажонлар эса шаҳарга келиб маданий ҳордиқ чиқаради.
Навоий вилоятидаги 18 та оромгоҳда жорий йилги мавсумда 15 минг 490 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган.
– Оромгоҳлар фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари сифатида эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш марказларига айланди, – дейди Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Мансурбек Мансуров. – Барча болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида кутубхоналар, турли тўгараклар, спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилган. Айниқса, ҳар бир мавсумда болалар учун чет тили тўгараклари ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Болалар учун мўлжалланган фильмлар тўплами, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун сценарийлар тўпламидан иборат китоблар билан таъминланмоқда.
“НКМК жамғармаси” давлат корхонаси Учқудуқ ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги “Сармишсой” болаларни соғломлаштириш оромгоҳи энг сўлим масканлардан биридир. Оромгоҳ Сармиш тоғлари орасида жойлашган бўлиб, салқин ва гўзал табиати, қоятош суратлари билан кишини ўзига мафтун этади. Оромгоҳда болажонлар тўрт мавсумда дам олади. Айни пайтда оромгоҳда болажонлар мароқли ҳордиқ чиқармоқда.
[gallery-17831]
– Мен Конимех туманидаги Зафаробод қўрғонида яшайман, – дейди Шарифжон Фахриддинов. – Оромгоҳда янги дўстлар орттирдим. Мазза қилиб дам оляпман. Ҳар куни гуруҳ раҳбарларимиздан янгидан янги нарсалар ўрганяпман. Спорт мусобақалари, турли кўнгилочар томошалар ташкил этилмоқда. Тарбиячиларимизнинг айтишича, ҳар бир мусобақада ғолиблар муносиб тақдирланаркан. Шунинг учун мусобақаларда фаол иштирок этиб, ғолиб бўлишга ҳаракат қиламиз. Гуруҳимиздаги болалар турли ҳудудлардан келган. Ҳар кунимиз мароқли ўтмоқда.
Болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун оромгоҳда 10 га яқин тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Машғулотлар мавсум аввалида саралаб олинган педагог ходим ва етакчилар томонидан олиб борилмоқда.
– Педагог ходимлар умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар орасидан, етакчиларимиз эса талабалар орасидан саралаб олинган, – дейди оромгоҳ директори Маҳбуба Умарова. – Оромгоҳда болажонларнинг мароқли дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Ҳар куни Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус” доирасида тадбирлар, танловлар ташкил этилмоқда.
Оромгоҳда 14 кунга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган бўлиб, болажонлар турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ҳамда танловларда иштирок этади.
Мазкур оромгоҳда НКМК ходимлари Касаба уюшмаси Кенгаши томонидан шакллантирилган йўлланмалар асосида “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ, “Навоийуран” ва “НКМК жамғармаси” давлат корхоналарида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг 2 минг 640 нафар фарзандини соғломлаштирилиши режалаштирилган.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари